Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун: Воҳид Абдулла

Воҳид Абдулла (чапда) қозоқ ёзувчиси Собит Муқонов билан.

Навоийшунос олим, етук шоир, аллома Воҳид Абдуллаев 1912 йил 15 майда Самарқанд шаҳрида таваллуд топди. Мактабда ўрта таълимни олгач, Фарғона давлат педагогика институтида, сўнгра Москвада ва Тошкентда аспирантурада таҳсил олди.

Аввал Бухоро ва Самарқанддаги педагогика институтларида кафедра мудири, кейинчалик Самарқанд давлат университети ўзбек адабиёти кафедрасининг доценти, мудири бўлиб ишлади. 1963-1970 йилларда университет ректори бўлди.

“Самарқанд сайли”, “Бедор қўшиқлар” шеърий тўпламлари, “Янгилик ярашади”, “Мададкор эшелон” каби рисола ва ҳужжатли қиссалари бор.

Воҳид Абдулла 1985 йилда вафот этган.

Қуйида алломанинг бетакрор фалсафий фикрлари билан танишасиз.

***

Улуғлик ҳам, умр боқийлик ҳам ҳамма келиб-кетганларда бўлавермайди. Қанд ҳам оқ, туз ҳам оқ. Аммо бири ширин, бири шўр. Одам ҳам шакл тузилиши жиҳатидан бир-бирига монанд. Аммо ҳаммани ҳам инсон деб бўлмайди... Халқнинг меҳрини, эътиборини қозона олган, унинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган, нур таратувчи, илҳом бахш этувчи, тортув қувватига эга бўлган меҳри қуёш одамгина баркамол, ҳақиқий одам ҳисобланади.

---

Филология факультетида ўқиётган, келажакда адабиёт мутахассиси бўлишни истаган ҳар бир талаба эллик минг мисра шеърни ёддан билиши керак.

---

Эй, тулпор, институтни битирдингми? Инглиз тилини чуқурроқ ўрганавер, лекин ўзбек тили ва адабиётини ҳам билавер. Она тилини яхши билмай, чет тилидан мутахассис бўлиш қийин.

---

Ёшлар – келажак. Ҳақиқат – қуёш. Келажак – қуёшни етаклаб келаётган оппоқ тонг. Ёшларни руҳан чўктириш – ўз томирига болта уриш ёки оппоқ тонгга тош отиш билан баробар.

Воҳид АБДУЛЛА.

***

Юлдуз

(Устоз Воҳид Абдуллага)

Нурдан кошона ясаб, ой, қуёш маконида,

Бир юлдуз порлаб турмиш Самарқанд осмонида.

Она тупроқ шод бўлиб, қўлга олса ойина,

Ўз аксини кўрмиш ул Кўҳак – Зарафшонида.

Ва толе офтобидан бошга кийиб олтин тож,

Бахтин намойиш этмиш иқбол қаҳкашонида.

Қуёшни қалам айлаб неча йил чекмиш рақам,

Сухан ҳоқони янглиғ Навоий девонида.

Қаҳкашонда не юлдуз унга бўлмиш парвона,

Дур излаган ғаввосдек маърифат уммонида.

Тожику озар кўкин сурайё янглиғ безаб,

Дўстликка маёқ бўлмиш ўзбек ошиёнида.

Не ажабким, Улуғбек, шу юлдузни бир замон

Каромат этган бўлса “Зижи Кўрагони”да.

Барот Бойқобилов,

Ўзбекистон халқ шоири.