Бугун Халқаро донорлар куни
Бу сана 2005 йилдан буён байрам сифатида нишонланиб келинади.
14 июнь санаси австриялик қон гуруҳини аниқлаган врач ҳамда олим Карл Ланштейнернининг туғилган куни муносабати билан белгиланган. Шу куни бутун дунёда одамларнинг донорликка бўлган беғараз ёрдамини кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Юртимизда 2017 йилдан ҳукуматимиз томонидан “Ўзбекистон фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилди. 2015 йилдан буён шу нишон донорларга бериб келинади. Ҳар йили 26 нафар донор шу унвон билан тақдирланади. Уларга 5 минимал маош ҳисобида маблағ берилади.
- Донорлик одамларга яхшилик қилишнинг энг оддий кўриниши, - дейди вилоят қон қуйиш маркази масъул куратори Зарифа Қаюмова. - Ушбу беғараз, кўнгилли ёрдам қонга эҳтиёжи бор инсонлар учун ҳақиқий кўмак ҳисобланади. Чунки ҳар куни юзлаб кишилар, беморлар донорлар қонига эҳтиёж сезади.
Вилоят қон қуйиш маркази шифокорларининг Ургут ва Нарпай туман тиббиёт бирлашмаларидаги қон қуйиш бўлимлари ходимлари билан ҳудудда ташкил этган тадбири ана шу эзгу мақсадга қаратилди. Бу туманларда жами 61 киши беғараз қон топширди. Шунингдек, тадбирларда донорлик ҳаракатида фаоллик кўрсатиб келаётган 20 нафар фаол донорлар муносиб рағбатлантирилди.
- Шу пайтгача беғараз донор сифатида 46 марта қон топширганман, - дейди ургутлик донор Бахтиёр Каримов. – Мен бу ишимдан, беморларга янги ҳаёт бахш этаётганимдан фахрланаман. Бошқаларни ҳам донорлар ҳаракатига қўшилишга чақираман.