Бугундан муддатли ҳарбий хизматчилар учун тест синовлари бошланади

Бугун, 26 январдан республика Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ҳарбий тавсиянома бериш бўйича тест синовлари бошланади.

Тест синовлари “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида ташкил этилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар бир ҳарбий қисмнинг ўзида ўтказилади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та бўлиб, уларнинг 40 таси – жанговар тайёргарлик, 20 таси – маънавий-маърифий тайёргарлик, 10 таси – математика, 10 таси – физика фани бўйича тест саволларидан, шунингдек, қолган 20 таси мантиқий тест саволларидан иборат бўлади.

Бериладиган тавсияномаларнинг умумий сони ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатида бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак.

Агар бир нечта ҳарбий хизматчи тенг миқдорда балл тўплаши натижасида 40 фоизли чекловга амал қилишнинг имкони бўлмаса, балларнинг пасайиб бориш тартиби бўйича чеклов доирасига кириши лозим бўлган охирги муддатли ҳарбий хизматчи билан тенг миқдорда балл тўплаган ҳарбий хизматчиларнинг барчасига тавсиянома берилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсияномага эга бўлган фуқаролар қуйидагиларга:

- республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;

- республиканинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тест синовлари февраль ойи якунига қадар давом этади.

Воҳид Сирлибоев,

Давлат тест маркази Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи.