Бугунги ҳаракат эртанинг баракасини белгилайди

Баҳор баҳорлигини қилди – кутилмаганда қор ёғди, бир неча кун ёмғирли бўлди. Бу ҳам заминга барака. Деҳқончилик учун, чорва учун керак эди. Кечадан эса яна қуёшли кунлар бошланиб, нафақат жумлаи жаҳонни, балки кўнгилларни ҳам илитди.
Бундайин илиқлик, табиатда ғуборларнинг ювилиши ҳар қандай киши кўнглига таскин, эртанги кунга умид беради, инсоннинг ғайрат-шижоатини жўш урдиради. Айниқса, бугунги карантин пайтида бу ҳисларнинг қанчалик қадрли, аҳамиятли эканлигини ҳар бир инсон кўнглидан ўтказаётган бўлса, ажабмас.
Шахсан мен, улуғ ёшда бўлсам ҳам ҳовлига чиқиб, набираларимни ёнимга олиб, нимадир юмушни бажаришга интиляпман, шу орқали уларга намуна бўляпман. Мен каби минглаб, миллионлаб юртдошларимиз бугун томорқасида меҳнат қилмоқда, ердан ўз ризқини топишга интилмоқда.
Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Давлатимиз карантин пандемияси даврида аҳолининг кундалик озиқ-овқатларга бўлган эҳтиёжини қондириш, ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Шу билан бирга мамлакат иқтисодиёти издан чиқиб кетишининг олдини олишга эътибор қаратмоқда, тадбиркорлар, саноат корхоналарига имтиёз ва енгилликлар беряпти. Ҳатто, томорқасида экин-тикин қиламан, деган одамлар учун ҳам давлат имконият яратяпти. Сиз-у биздан талаб қилинадигани – кафтдек, еримиздан мақсадли фойдаланиш, аввало, рўзғоримиз учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш. Агар омилкорлик билан иш тутиб, томорқадан миллион-миллион сўм даромад қилсак ҳам бош устига, бунинг учун ҳам имкониятимиз бор.
Биз Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврдаги қийинчиликларни, ҳаёт машаққатларини кўрганмиз. Ўшанда ҳам халқимиз оғир синовларни бошидан кечирган, тинимсиз меҳнат қилган, тун-у кун ишлаган. Аммо ўзи ғалла етиштирса-да, мева-сабзавот ёки полиз экинлари парваришласа-да уйига бир қоп дон ёки икки кило картошка, пиёз олиб кета олмаган. Ҳаммаси хўжалик омборига топширилган. Бугун эса вазият ўзгача. Ерга меҳр бериб, ризқ манбаи деб қараган одам ҳам ўз оиласи, ҳам бозор тўкинлигини таъминламоқда. Озгина томорқасидан катта-катта даромад қиляпти. Албатта, бунинг қадрига етиш керак.
Тўғри, бугун давлатимиз, саховатли халқимиз эҳтиёжманд оилаларни имкон қадар қўллаб-қувватламоқда, уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериляпти. Лекин қўлдан берганга қуш тўймас, деган гап ҳам бор-да. Яхши, тўкин яшаш учун аввало, ҳар бир инсоннинг ўзи ҳаракат қилиши, меҳнат билан банд бўлиши керак, деб ўйлайман. Пешона тери эвазига топилган ноннинг мазаси ҳам, баракаси ҳам бошқача бўлади.
Насиб этса, бу синовли кунлар тез орада ортда қолади, халқимиз яна тўкин ҳаёт кечириши, барча соҳада иш давом этиши зарур. Олдимизга қўйган катта марраларни эгаллаш учун бугун ҳар биримиз уйда туриб бўлса-да ўзимиз, юртимизнинг эртаси учун ҳаракат қилишимиз лозим.
Ҳасан НОРМУРОДОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Қаҳрамони.