Булунғурдаги Эрганакли қишлоғини Туркиядаги шу номли байрам билан нима боғлайди?

Бундан ташқари, Эрганакли ҳақида жуда кўп тахминлар бор. Аксарият туркий халқларда «Эрганакли» номли достон ҳам тилдан тилга кўчиб келади. Афсуски, бу ҳақда ҳамма ҳам билмайди. Абулғозий Баҳодирхоннинг  “Шажараи турк”, Ремудитнинг “Жаме-ат-тарих”, Б.Учелнинг “Турк мифологияси” китобларида ҳам фикрлар айтилган. Юртимизда ўндан ортиқ қишлоқлар ҳам айнан “Эрганакли” деб номланаркан. Худди шу номдаги байрам Туркияда нишонланишини эшитиб, қардош давлатнинг Тошкентдаги элчихонасига йўл олдим.

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчисининг маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челеби билан суҳбатлашиб билдимки, туркларнинг энг қадимий байрамларидан бири “Эрганакон”, деб номланаркан. Бундан ҳам қизиғи турк халқининг энг қадимги, энг севимли достонларидан бири “Эрганакли” достони бўлиб чиқди.

Элчи маслаҳатчиси билан суҳбатимиз давомида у мени Туркиянинг Кастамону шаҳрига, шу номдаги байрамда иштирок этишга таклиф қилди.  Ўтмиши бир, қардош халқларнинг байрамлари ҳам ўхшаш бўларкан. Туркияда “Эрганакли” худди бизнинг Наврўз каби қадрланиб, биз Наврўзни қандай нишонласак, улар ҳам “Эрганакли”ни шундай нишонлашаркан.

Турклар ушбу кунни дўстлик, ҳамжиҳатликнинг, борлиқ ва ҳамкорлик, қон-қариндошликнинг қайта туғилиши сифатида байрам қилишади. Негаки бу халқнинг «Эрганакли” достонида тоғлар орасида қолиб кетган аждодларнинг 400 йил давомида кечирган оғир ҳаёти ва чорвачилик билан шуғулланиб ўтказган заҳматли кунлари ёритилади. Ота-боболаримиз орқали етиб келган ўзимизнинг шу номли достонда ҳам айнан тоғлардаги ҳаёт ва ундаги силлиқ ғорга кириб кетган аждодларимиз ҳақида сўз юритилади.

Биз байрамда иштирок этган Кастамону шаҳри турк дунёси маданиятининг маркази дейиларкан. Бу шаҳарда ҳар йили “Турксой” ташкилотининг “Наврўз ҳафталиги” тантаналари ўтказилади. Бу тантаналарда Туркия Республикаси ҳукумати раҳбарларидан тортиб барча туркий халқлар элчиларигача иштирок этади.

Биз ўзбекларда келин-куёвнинг гулханда айланиш одати бор эди. Туркияда “Эрганакли” байрамида гулхандан сакраб ўтишаркан. Ҳар икки халқ достонидаги ғорни тешиб ўтиш рамзи бўлса керак, иштирокчилар болға билан тошни майдалашади. Бу тантаналар шу жойнинг ўзида Наврўз байрамига уланиб кетди. Ўзбекистондан борган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчани рақсга ундади. Шундай қилиб, тарихий байрам ўйин-кулги, дўстлик байрамига айланиб кетди.

Байрам тантаналаридан сўнг Кастамону шаҳрининг диққатга сазовор жойларини кўздан кечирдик. Тоғлар ва ўрмонлар орасидаги қадимий бу шаҳар Усмонийлар даврида қандай бўлса, ҳозир ҳам деярли шундай сақланган. Кўчаларда саройлар, масжидлар, ҳаммом ва қадимий даврда қурилган уйлар. Бизга энг ёққан нарса шу бўлдики, қаерданлигимизни сўраган мезбонларнинг барчаси бизга юксак эҳтиром кўрсатиб, «Ота юртимиздан экансизлар!», – деб айтишди.  Кастамонудаги Аздавай туманига саёҳатимиз ҳам худди шу руҳда ўтди. Тоғлар тепасида жойлашган туман Кастамонудан машинада 3,5 соатлик йўл. Бизни туман бошқони Осман Нурининг ўзи алоҳида эҳтиром билан кутиб олиб, қабул уюштирди.

Аздавайликларнинг миллий кийимларини кўздан кечирдик. Айниқса, хотин-қизлар кийимлари ўзимизнинг ўзбек аёллари миллий либосига жуда ўхшаш. Бошқон бизни  тоғ тепасидаги ойнадан қурилган кўшкка таклиф этди. Тоғ тепасидаги ойна йўлдан юрган одам худди осмонда юргандек бўлади. Остингиздаги чуқурлик, дара ойнадан кўриниб, кишини бироз чўчитади. Бу ердаги кўприк йўлдан юрар экансиз, худди тоғлар устингизга қулаб тушадигандек, юзлаб метр пастда оқаётган сув овози эса ваҳимали эшитилади.

Умуман, бу ерда бўлиб, ўзимизда ҳали туризм соҳасида қилинадиган ишлар кўп эканига амин бўлдим. Масалан, Булоқбоши шаршараси 30 метр юқоридан тушади. Шунда беихтиёр 300 метр баландликдан тушаётган Сурхондарёдаги, 100 метр баландликдан тушаётган Зоминдаги  шаршаралар ёдимга тушди. Бизда сайёҳларни жалб қилиш учун чиройли ва сўлим жойларимиз жуда кўп эканлигига амин бўлдим.

Хуллас, саёҳат давомида ўнлаб жойларни кўрдик, юзлаб турк биродарларимиз билан  дилдан суҳбатлашдик. Бизга энг кўп илиқлик бағишлаган нарса барибир икки халқнинг ўхшаш урф-одатлари ва халқимизга нисбатан юксак эҳтиром бўлди. Мен туғилиб ўсган қишлоқ ва юртимиздаги ўнлаб жой номларининг Эрганакли ва бу номдаги байрам Туркияда энг улуғ байрамлиги тасодиф эмас экан.

Ғуломжон ЎРОЛОВ,

журналист.