Булунғурда ғалладан бўшаган 6500 гектар ерга юқори даромадли экинлар экилади

Бу ҳақда туманда бўлиб ўтган “Вазир, ҳоким ва ёшлар учрашуви”да туман ҳокими Баҳодир Баҳромов маълум қилди.

Семинарда қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Қаҳрамов Йўлдошев, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори Шавкат Ҳасанов ва туман ёшлари иштирок этди. 

Тадбирда Б.Баҳромов туман иқлими жиҳатидан мева-сабзавот ҳосили олишга қулай эканлиги, ҳозирги кунда туманда етиштирилаётган, келгусида режалаштирилган қишлоқ хўжалик экинлари ва улардан юқори ҳосил кўтариш, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш масалаларига тўхталди. 

Қ.Йўлдошев туман ёшларига ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида ерлардан самарали фойдаланиш, экинларни етиштиришда илғор тажрибалардан келиб чиқиб, замонавий технологияларни қўллаш бўйича ва рақамли иқтисодиётни жорий этиш ҳақида маълумот берди. 

Ўз ўрнида Ш.Ҳасанов туман ёшларига филиалда бажарилаётган ишлар, келгусидаги режалар, ҳозирги кунда мавжуд ва янги очилаётган бакалавр таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари тўғрисида, шунингдек филиалда жойлашган фермерлар мактаби ва қишлоқ хўжалигида рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича маълумотлар берди. 

Семинар якунида ёшлар томонидан берилган савол ва таклифларга масъуллар жавоб берди.