Булунғурда камбағаллик даражаси: Бир йилда 12,2 дан 7,6 фоизга тушган. Қандай тадбирлар ҳисобига?

2024 йилда туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан маҳаллабай ишлаш орқали 1649 нафар фуқаро доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилган.

- Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги қарорига асосан туманда жами 475 та камбағал ва ночор оилаларнинг рўйхати шакллантирилди, - дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими мутахассиси Умрбой Асадов. - Уларга тумандаги ташкилот ва муассасаларнинг 95 нафар раҳбар ҳамда ўринбосарлари бириктирилди. Йил бошида 5757 та камбағал оила бўлиб, камбағаллик даражаси 12,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилякунига келиб, улар сони 3645 тага қисқариб, камбағаллик даражаси 7,6 фоизни ташкил этди.

Жорий йилда камбағал оилаларнинг 1071 тасига ёрдам кўрсатиш орқали рўйхатдан чиқарилди. Жумладан, 331 тасига имтиёзли кредитлар, 48 тасига субсидия асосида асбоб-ускуналар ажратилди, 99 таси касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди, 279 таси доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди, 314 тасининг “Сайҳунобод” ва “Уйчи” тажрибаси асосида бандлиги таъминланди.

Мақсад томорқадан камида 50-60 миллион сўм даромад олиш

Туман марказидан 16 километр олисда жойлашган Фозил Йўлдош маҳалласида 671 хонадонда 3680 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳаллада 10 та камбағал оила рўйхатга олинган ва уларнинг учтасида ногирон, 1 та оилада якка ёлғиз доимий тиббий ёрдамга муҳтож фуқаро истиқомат қилади. Қолган 6 та оила доимий даромадга эга эмас.

- Рўйхатга олинган оила аъзолари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди, эҳтиёжи борларга даволаниш учун йўлланмалар берилди, - дейди Фозил Йўлдош маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Илёс Муродов. – Ишлаш истагида бўлган уч оила аъзоси ижтимоий соҳа муассасаларига ишга жойлаштирилди. Уларга имкониятидан келиб чиқиб 80 тадан товуқ, имтиёзли шартларда 10 миллион сўм кредит ажратилиб, чорва моллари олиб берилди.  Сайҳунобод тажрибаси асосида томорқачиликни ривожлантириш, қўй, чорва боқиш, иссиқхона ташкил этиш орқали мавсумда оилаларнинг даромадини 50-60 миллион сўмга етказиш чоралари кўрилмоқда. Маҳалламиз помидорчиликка ихтисослашган. Бу ерда мавсум давомида 6 минг тоннагача помидор етиштирилади, уни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларга зарурат туғилмоқда. Камбағал оилаларни томорқадан даромад олишга ўргатяпмиз, аммо маҳалламиздаги кўплаб хонадонларда суғориш муаммоси бор эди. Бунинг ечими сифатида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг жамғарма маблағлари ҳисобидан фақат суғориш учун артезиан қуриб берилди. Бу артезиан 30 дан ортиқ томорқани суғориш учун ишлатилади, сарфланган электр энергияси тўловлари умумий тўланади.

Маҳалламиздан ишлаш, ўқиш ва доимий яшаш учун хорижга кетган фуқаролар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди. Ойига 5 миллион сўмдан кам маош олаётган 2 нафар фуқаро қайтиб келиб, ер олиб деҳқончилик қилишини, 2 нафари ҳунар ўрганиб, Европага кетиш истагини билдирди.

Барча хизматлар бир жойда

- Маҳалламизда ўтган йили сентябрь ойида “Ҳунармандлар маркази” ташкил этилди ва бу ерда металлга илов бериш, тикувчилик, аёллар гўзаллик салони, миллий пишириқлар, қуроқчилик, қишлоқ хўжалик агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш устахоналари ташкил этилиб, 18 та янги иш ўрни яратилди, - дейди И.Муродов. - Бу ерга ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар ишга жойлаштирилди ва уларга субсидия асосида асбоб-ускуналар берилди. Ҳунармандлар марказининг туташ қисмидаги бинонинг биринчи қаватида 12 та, юқорисида 6 та тадбиркорлик субъекти жойлашган ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, сартарошхона, бухгалтерия хизматлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат савдо дўконлари жойлашган. Ғиждувон тажрибаси асосида битта бинога тадбиркорлик субъектларини жамлаб, бир жойда хизматлар ташкил этилган. Бу аслида комплекс равишда кичик саноат ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўлиши керак. Биз буни хизмат кўрсатиш соҳасида ташкил этиб, “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйдик.

Шу маҳаллада яшовчи Гавҳар Сулаймонова тикувчилик билан шуғулланади. У яқингача Тошкент шаҳрида ишлаган. Марказ очилгач, шу ерда якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлади. Ҳозирда қишлоқ аёллари учун кўйлак тикиб, маҳалла қизларига тикувчиликни ўргатмоқда.

Камбағал оила сифатида рўйхатга олинган Қобил Сатторовнинг 10 сотих томорқа ери бор. Масъуллар оила билан танишиб, даромад олиш йўлларини тушунтиришди.

- Ўзим шаҳардаги уй қурувчиларга ёрдамчилик қиламан, баҳордан кузгача ишлаб кун ўтказардим, қишда яна ишсизликдан қийинчилик бўларди, - дейди Қ.Сатторов. - Маҳалламиз помидорчиликка ихтисослашган ва биз ҳам ўтган йили томорқамиздан 5-6 тонна помидор олдик. Яқинда ҳокимликдан, маҳалладан келиб турмуш ўртоғимни маҳалламиздаги 20-мусиқа мактабига фаррошликка ишга жойлаштиришди, ўзим маҳаллада жамоатчилик асосида ишга кирдим. Яқинда яна 80 бош 15 кунда тухумга кирадиган товуқ беришди. Уйимиз марказда жойлашганлигини ҳисобга олиб, кичикроқ бўлса ҳам озиқ-овқат дўкони ташкил этиш бўйича тушунтиришлар беришди.

Ўктам Худойбердиев.