Булунғурда мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди

Бу вазифани академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали жарроҳлари амалга оширди.

– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 январда қабул қилинган “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизматини ташкил этишнинг янги – “марказ – ҳудудий тиббиёт муассасалари – туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари” тизимини йўлга қўйиш ва уларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш вазифаси қўйилган эди, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари Г.Негматова. – Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида эндокрин касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва бошқариш дастурларини амалиётга жорий этиш белгиланганди. Президентимизнинг тиббиёт соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилганди. Шу ва бошқа вазифалардан келиб чиқиб, апрель ойидан бошлаб филиал ходимлари ҳар ҳафта туманларга бориб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғиботини амалга оширмоқда, эндокрин касалликларнинг келиб чиқиб сабаблари, хасталикларни эрта аниқлаш ва даволаш юзасидан тавсиялар бермоқда. Жойларда бирламчи скрининг амалга оширилиб, аҳолини кўрикдан ўтказяпмиз. Бу жараёнда заруратга қараб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, айрим эндокрин касалликларни туман тиббиёт бирлашмаларининг ўзида даволашни йўлга қўйдик, ҳатто жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.

Филиал мутахассисларининг шу пайтгача Нуробод, Каттақўрғон, Пахтачи, Булунғур ва бошқа туманларда ўтказган тиббий кўриклари ва аҳоли ўртасида олиб борган тарғибот ишлари натижасида туман тиббиёт бирлашмаларида бўқоқ хасталиклари бўйича ўндан ортиқ жарроҳлик операциялари амалга оширилди.

  – Булунғур туманида ўтказилган тиббий кўрикда аниқланган 36 ёшли беморда бугун бир тугунли бўқоқ учинчи даражаси эутироз ҳолати касаллиги бўйича операция ўтказдик, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали жарроҳи Ўткир Тешаев. – Операция муваффақиятли ўтди ва бемор дарддан фориғ бўлди. Бу каби жарроҳлик амалиёти филиалимизда ҳар йили юзлаб амалга оширилади. Лекин туманларда энди йўлга қўйилмоқда. Бундай амалиёт, биринчи навбатда, аҳоли учун жуда катта қулайлик. Улар ортиқча вақт ва харажат сарфлаб юрмайди. Барча жараён туманнинг ўзида амалга оширилади. Қолаверса, бу тумандаги ҳамкасбларимиз учун ўзига хос маҳорат сабоғи бўлмоқда.