Булунғурда “Nexia” ҳайдовчиси йўлда ухлаб қолди. Оқибатда ЙТҲ содир бўлиб, 2 нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди
Воқеа бугун соат 6:20 ларда Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1050-километрида содир бўлган.
Аниқланишича, “Nexia” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси юқори тезликда ҳаракатланиб келиб, бошқарув вақтида ухлаб қолиши туфайли йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилган.
Оқибатда ағдарилиб кетган ва транспорт воситасида ёнғин содир бўлган. Ҳодиса сабабли машина салонида бўлган икки нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳайдовчи тиббиёт бирлашмасига ётқизилганини хабар қилаётган вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.
Шунингдек, барча ҳайдовчилардан йўлларда ҳушёр, огоҳ бўлишларини, узоқ манзилларга йўлга чиқишдан олдин дам олишларини, машинада кетаётганда чарчоқ аломатлари сезилса, тўхтаб, дам олишларини сўраган. Тезликни меъёридан оширманг!
P/s : Аввалроқ 25 тонна полиэтилен рулон юкланган "Камаз"да ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди.