Булунғурда ўқитувчиларни рағбатлантириш учун ҳар ойда 50 миллион сўм ажратилади

Туман ҳокими Баҳодир Баҳромов бундай хайрли ишга тайёр эканини туманда бўлиб ўтган “Таълим соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусидаги тадбирда  билдирган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, вилоят ва туман халқ таълими идоралари масъул ходимлари, мактаб директорлари, ўқитувчилар иштирок этган ушбу тадбирда таълим тизимидаги муаммолар, уларни ижобий ҳал этиш ҳақида гап борди. Бу борада муаллимларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди.

Жумладан, мактабларда электрон доскалардан кенг фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш, битирувчи ёшлар учун тадбиркорлар, сиёсатчилар, ўз соҳасида ютуқларга эришган, ҳаётда ўз ўрнини топган тажрибали шахслар иштирокида мастер-класслар ўтказиш, ўқитувчиларни ўз устида ишлашлари учун руҳлантириш, шу мақсадда туман миқёсида фанлар кесимида беллашувлар ташкил этиш таклифи ўртага ташланди.

Бу таклифлар туман ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди. Муҳими, беллашувларда ғолиб бўлган ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш учун ҳар ойда 50 миллион сўмдан маблағ ажратиб берилишини маълум қилди.