Булунғурда замонавий хусусий мактаб қуриляпти

Бугунги кунда тадбиркорлар томонидан ташкил қилинаётган хусусий мактабларнинг асосий қисми шаҳар жойларида бўлиб, қишлоқларда бундай таълим муассасаси деярли йўқ.

Булунғур тумани Қирқшоди маҳалласида "SMART WORDS" МЧЖ томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида мактаб очиш режалаштирилди.

Қишлоқдаги фойдаланилмаётган эски мактаб биноси ўрни хусусий мактаб учун ажратилди. Аввалдан қурилган 10 хонали мактаб биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, ундан ётоқхона мақсадида фойдаланилади. Асосий ўқув биноси, спорт зал ҳамда бассейн қуриш ишлари бошлаб юборилган.

- Мактаб иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида санъат ва спортни ривожлантириш, компьютер саводхонлиги ҳамда китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда, - дейди "SMART WORDS" МЧЖ муассиси Нигора Уролова. - Қурилиш ишлари якунлангач, ўқувчиларни ҳар йили 1-синфдан бошлаб қабул қиламиз. Шунинг учун хусусий мактабда ётоқхона ҳам ташкил этдик. Олис қишлоқ болалари ҳам келиб ўқишлари учун барча шарт-шароитлар яратамиз. Энди булунғурлик қишлоқ ёшлари замонавий қулайликларга эга таълим муассасасида ўқиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, ёз ойларида бу ерда болалар учун дам олиш оромгоҳи ташкил этиш режалаштирилган.

Айни дамда хусусий мактабни қуриш ишлари "SMART WORDS" МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Пандемия даврида 30 га яқин қишлоқ ёшлари мавсумий иш билан таъминланди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.