Булунғурлик директор Меҳнат кодексининг тегишли моддалари ва меҳнатга оид қонун ҳужжати талабларини бузган
Жорий йилнинг 10 апрель санасида Zarnews.uz сайти ҳамда “Зарафшон” газетасининг 13 апрель, 43-сонида “Булунғурлик мактаб директорини ким ҳимоя қилади – қонунми ёки маърифатпарварлик?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси ахборот хизмати мақолада кўтарилган масала юзасидан муносабат билдирди:
“Булунғур тумани адлия бўлими томонидан ўтказилган ўрганишда 10-умумий ўрта таълим мактабида бир нафар якка тартибда таҳсил олувчи ўқувчи Мамасолиев Шаҳрузбек Аслиддин ўғлига таълим берган ўқитувчи О.Маматқуловнинг 2021 йил 11 февралдан йўл ҳақи компенсацияси тўлаб берилмаганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан 10-умумий ўрта таълим мактаби директори Ғ.Қорабековга нисбатан туман адлия бўлими томонидан 2021 йил 10 март санасида 01/100-сонли маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш бўйича хат ва тўпланган ҳужжатлар Булунғур тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим қилинган.
Мактаб директори Ғ.Қорабековнинг тушунтириш хатида якка тартибдаги ўқувчига таълим бериб келаётган ўқитувчи О.Маматқуловга йўл ҳақи компенсациясини тўлаб бериш тўғрисида буйруқ чиқармаганлигини тасдиқлаган.
Юқоридагиларга асосан, 10-умумий ўрта таълим мактаби директори Ғайрат Қорабеков томонидан Меҳнат кодексининг 153, 154-моддалари ва меҳнатга оид қонун ҳужжати “Жисмоний ёки психик ривожланишда нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг уйида якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 33-банди талаблари бузилганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисмига асосан туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан 2021 йил 7 апрелдаги 04/02-сонли қарори асосида маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Мамурий жарима жазо чораси қўлланилган мансабдор шахс 10-умумий ўрта таълим мактаби директори Ғ.Қорабековга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 294-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлигини маълум қиламиз.
Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси ахборот хизмати”.