Булунғурлик журналист Мамадали Жалилов 64 ёшида вафот этди
М.Жалилов 1957 йилда туманнинг Нурли йўл маҳалласида таваллуд топди.
1979-1984 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олди.
Илк иш фаолиятини “Булунғур ҳаёти” (“Коммунист”) газетасида мухбирликдан бошлади. Кейинчалик мазкур таҳририятда бўлим мудири, масъул котиб бўлиб ишлади.
Мамадали ака 1991 йилдан халқ таълими тизимида фаолият бошлаб, тумандаги бир қатор мактабларда ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлади.
16 йиллик ўқитувчилик фаолиятидан кейин яна журналистикага қайтди ва ахборот ҳамкори вилоят халқ таълими бўлган “Маърифат нури” газетасида узоқ йил самарали меҳнат қилди.
Мамадали Жалилов шу пайтгача нафақат туман газетаси, балки вилоят нашрларида фаол қатнашиб турди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят журналистлари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия изҳор этади. Жонкуяр журналист Мамадали Жалилов хотираси қалбимизда узоқ яшайди.