Булунғурнинг балиқлари қаерда?
Булунғур туманида 24 та балиқчилик хўжалиги бор ва ҳисоботларда улар ҳар йили бозорларимизга тонналаб балиқ чиқаришмоқда. Аммо бозорда фақат бошқа жойдан келтирилган ва нархи баланд бўлган балиқ сотилади. Унда Булунғурнинг балиқлари қайси бозорларда сотиляпти?
Масалан, туман марказий деҳқон бозоридаги сотувчилардан суриштирсам Ҳайдаркўл ва Сирдарёдан олиб келган балиқнинг килограмини ўртача 25-30 минг сўмдан сотишмоқда. Нархнинг қимматлиги йўл ҳақи ва бошқа харажатлар билан боғлиқ эмиш.
Уч йилдан буён балиқчилик билан шуғулланадиган танишим ўтган йили 8 тонна балиқ етиштириб, килограмини 7,5-8 минг сўмдан сотган. Шундан кредит қарзларидан тўла қутулиб, уйини замон талаблари асосида таъмирлади. Янги машина олди. Тўй қилиб келин туширди. Буларнинг ҳаммаси, албатта балиқчиликнинг даромади ҳисобидан бўлди. Шу сабаб оиласи тинч ва фаровон.
Энди бир савол туғилади. Қолган 23 та балиқчилик фермер хўжалиги ҳам ўртача 7-8 тоннадан балиқ етиштирган бўлса, нега ўзимизнинг бозорларимизда четдан келтирилган балиқларнинг нархлари бу қадар қиммат сотилмоқда? Фаолият юритиб турган пайтда ошхоналарда пиширилган балиқнинг килограми 70 минг сўмга чиққанди. Бу соҳада мутасадди, назоратчилар йўқми, ҳар ким истаганча нарх белгилайверадими?
Раббим ҲОТАМОВ.