Булунғурнинг чекка ҳудудидаги учта мактабга 1500 та китоб совға қилинади
Ҳудудларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари ўтаётган ҳафта давомида вилоятнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшлар билан учрашди.
Булунғур туманида ўтказилган учрашувда 120 дан зиёд йигит-қизлар иштирок этиб, 24 нафар ёш томонидан 26 та муаммо ва таклифлар билдирилди.
- Учрашувда қишлоғимиз ёшларининг китобга бўлган эҳтиёжи масаласида мурожаат қилдим, - дейди Лалмикор маҳалласида яшовчи Нодир Мухторов. - Мактабимиз кутубхонаси зарур бадиий адабиётлар билан таъминланмаган. Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев мактабимиз кутубхонасига 500 та китоб келтирилишини ваъда қилди.
Бундан ташқари, туманнинг чекка қишлоқларидаги яна 2 та мактабга мингта китоб совға қилинадиган бўлди.