Бухорода юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади
Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ҳақида Президент фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабар берди.
27−28 апрель кунлари Бухоро вилоятида юз берган табиий офатдан зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида Ҳукумат комиссияси ташкил этилди ва унга қуйидаги вазифалар юклатилган:
- етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;
- фуқароларга вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш;
- ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ва бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни ишчанлик ҳолатига келтириш;
- қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган қурилиш материалларини миқдорини аниқлаш ва уларни етказиш;
- қишлоқ ва ўрмон хўжалигига етказилган зарарни ва йўқотишлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш;
- қисқа муддатларда нобуд бўлган ғалла ва пахта майдонларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш.
Ҳукумат комиссиясига 3 кун муддатда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилган.
Юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади.
Фармойишга кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан зарар етган ғўза майдонларига қилинган харажатлар ва ғалладан олинмайдиган ҳосил ўрнини қоплаш чоралари кўрилади.
Комиссия 10 кун муддатда Олот тумани аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш, туман марказини яна обод қилиш мақсадида кўп қаватли уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқади. Шунингдек, 2 ҳафта муддатда Олот ва Қоракўл туманларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклиф ишлаб чиқилади.
Барча чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий қилинган карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.