Бухорони азон овози уйғотади

Бухоро миноралар шаҳри, авлиё-пирлар макони. Бухорода кўнглингиз ором топади, ўзгача сокинликни ҳис қиласиз.

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ходимлари Бухорои шарифга саёҳат қилар экан, бу ердаги зиёратгоҳлар, тарихий обидалар, замонавий шаҳарни томоша қилди, одамлар билан суҳбатлашди. Мақоламиз сафар таассуротлари ҳақида.

...Тонгни Бухоронинг қайси манзилида бўлманг азон овози билан қарши оласиз. Шу саснинг ўзи кишининг руҳиятини поклагандай, тийнатига нур ёғилгандай тасаввур уйғотади. Кўзлаб келган манзилларингиз сари йўлга отланасиз. Бу сафар саёҳатда кўзлаган қадамжоларимиз Бухоронинг Қуббатул Ислом номини олишига асос бўлган пиру авлиёлар макон топган масканларни зиёрат қилиш эди.

Ҳа, мазкур муқаддас шаҳардаги донғи бутун дунёга кетган мадрасалар туфайли турли йилларда тариқат йўлларини мукаммал босиб ўтган пирлар  яшаган, атрофига юзлаб шундай шогирдлар тўплаган уламолар макон топган.

Мақолада етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаларининг барчаси ҳақида алоҳида сўзлаб беришнинг имкони йўқ. Бинобарин, бу ҳақда ўқувчи бугун чексиз имкониятларга эга интернет маконларидан ҳам тўла маълумот олиши мумкин.

Кўзларига туз сепиб илм ўрганган пир

Мазкур муқаддас масканларда эътиборимизни тортган жиҳатлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Аввало, ҳар бир маскандаги тозалик, одамларнинг хуш кайфияти кишига ўзгача завқ бағишлайди. Шунингдек, ушбу зиёратгоҳлар ҳудудининг қарийб ҳар бирида боғ ташкил этилгани, ҳозир бу боғларнинг уларнинг гуллаб, ҳудуднинг ҳуснига ҳусн қўшиб турганини таърифлашга тил ожиз.

Айтишларича, пирларимиз диний илмлар билан шуғулланиш баробарида барчаси у ёки бу ҳунармандчилик орқали рўзғорини юритган. Хожагон тариқатининг асосчиси Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний бўз тўқиган бўлса, Хожа Али Ромитаний тўқувчилик билан машғул бўлган, Саййид Амир Кулол кулолчилик билан рўзғор тебратган, ухламаслик учун кўзларига туз сепиб бўлса-да илм ўрганган Ориф Ревгарий каби пирларнинг барчаси оддийлик, камтарликда ибрат бўлишган.

Барча зиёратгоҳларда ўзига хослик билан бир қаторда ўхшашликлар ҳам талайгина: миноралар, боғ, ҳовуз нафақат ушбу маконлар, балки Бухоронинг бошқа тарихий масканларига ҳам хосдир. Айниқса, етти пир зиёратгоҳларининг қайси бирига кирсангиз, ўша жой ҳақидаги маълумотлар, пирларнинг босиб ўтган йўллари, зиёрат одоблари, ислом арконлари ҳақида радиокарнай орқали ўқилиши жуда фойдали.

Ромитан туманида жойлашган Бобойи Самосий зиёратгоҳига киришда анор сотилаётганига гувоҳ бўлдик. Билишимизча, мазкур туман анорлари билан машҳур.

-Эсимни таниганимдан бери анор экамиз, уни етиштиришнинг ҳадисини олганмиз, - дейди Бобойи Самосий маҳалласида яшовчи Дилфуза Фатхуллаева. – 30 сотих ердаги 140 туп анор дарахтимиздан ҳар йили етти тоннагача ҳосил оламиз. Шунингдек, асаларичилик ҳам бор. Оилавий ишлаймиз, асосий даромадимиз ҳам шундан.

Қишдан омон чиққан анорларнинг нархини сўрасак, 10 минг сўм деб айтишди. Тўғриси, ҳайрон қолдик. "Меҳнати осонмасдир, айниқса, ҳозир, ҳамма мевалар узилган пайти бунча арзон сотаяпсизлар?”, деган саволимизга опахон жилмайиб жавоб берди: “Баракасини берсин, ахир пирлар макон тутган жойда савдо қиламиз! Меҳнати осонмас, албатта. Чунки бу ойларгача анорни сақлаш учун уни узилишидан тортиб, ташиш, сақлаш – ҳаммаси ўта ҳушёрликни талаб этади. Озгина лат еса, ичидаги битта доначаси чириса тамом, бошқаларига ҳам ўтади".

“Баракасини берсин...”

Дарвоқе, “топганимизни баракасини берсин, нархни кўтарсагу, аммо топган пулингни баракаси бўлмаса қийин” дейдиганлар кўп экан. Буни зиёратлардан сўнг тунги Бухорони айланганда, такси хизматларидан фойдаланганда билдик. Тўрт кишини анчагина олис масофага олиб бориш учун ҳайдовчи “Ўн минг сўм бўлади” деса, бир-биримизга қараб қўйдик. Адашмадикми, дея машинага ўтиргач, қайта сўрадик.

- Меҳмонга ўхшаяпсизлар, назаримда, - дея ҳайдовчи суҳбатга киришиб кетди. – Ҳа, бизда такси хизматлари нархи шундай. Куннинг қайси пайти бўлишидан қатъи назар нархни ўзгартирмаймиз. Баракасини берсин. Биламан, сизларда жуда кўп сервис нархлари қиммат. Ишонасизми, ҳатто ўзимнинг укам ҳам машинасини такси сифатида ҳайдаб, айнан Самарқанда бориб ишлайди.

Ҳақиқатан ҳам бир неча бухороликлар билан гаплашарканмиз, уларнинг камтарлиги эътиборимизни тортди. Айниқса, туман ҳудудларида уйларнинг бир хил баландликда қурилгани, оддийгина таъмирлангани уларнинг ўтмишдошлари сингари ҳашамга жуда зўр бермаганини кўрсатиб турибди.

Қурилиш кўп, дарахт кам...

Замонавий Бухоро кўчаларида барча ҳудудларда бўлгани каби қурилишлар жуда кўп. Бу ҳолатнинг қувонарли томони билан бирга ташвишли жиҳатлари ҳам бор. Катта кўчаларда-ку, оз бўлса-да, дарахтлар экилганига гувоҳ бўлдик. Аммо баъзи ички кўчаларда кетма-кет янги қурилган иншоотлар орасида дарахт экилмагани киши таъбини хира қилади. Яхши биламиз, кейинги йилларда экологик вазият анчайин таранг аҳволга келиб қолган. Бухорода эса бу муаммо янаям аянчлироқ. Бу ернинг аҳолиси экин экиш учун тупроқ шўрини ювишга мажбур бўлаётгани, баъзи ҳудудларида экин қилиш деярли имконсиз бўлиб қолгани ҳақида эшитганмиз.

Шу нуқтаи назардан қаралганда шаҳар ҳудудида кўпроқ дарахт экилиши керак. Аммо шаҳарнинг тозалиги таҳсинга лойиқ. Кўчаларда чиқинди тўпланганига деярли гувоҳ бўлмайсиз.

Дарвоқе, тил масаласида ҳам бухороликлар самарқандликлардан қолишмас экан. Кўчалардаги пешлавҳаларнинг аксарияти рус ёки хорижий тилда эканлиги газетчи сифатида эътиборимизни тортди.

Ситораи Моҳи Хосадаги ачинарли аҳвол

Гарчи туризм мавсуми ҳисобланса-да, аммо Бухородаги аксар тарихий обидаларнинг кечаси ишламаслиги сайёҳлар учун ноқулайлик туғдиради. Машҳур Бухоро аркининг ички қисмини кечқурун ҳам айланиб чиқишни ташкиллаштириш лозим. Ҳар ҳолда Самарқанд Регистонини сайёҳлар кечки вақтларда ҳам томоша қила оладилар. Сўраб-суриштирганимизда бу ерда фақат ёз ойларида шундай имконият яратилишини айтишди.

Кечки пайт жуда кўп хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг кечки пайт Лаби Ҳовуз бўйида айланиб юрганига гувоҳ бўлдик. Эҳтимол, машҳур Аркни ичида ҳам ўша қадим даврдагидек муҳитни яратиш керакдир.

Айниқса, Ситораи Моҳи Хосадаги аҳвол бизни ташвишга солди. Яқин тарихни ўзида мужассам этган мазкур мажмуанинг ички қисмлари яхши сақланиб қолинган бўлса-да, аммо ташқи кўриниши таъмирталаб ҳолатда қолган. Айниқса, ҳовлининг киришдан чап томондаги қисмига деярли эътибор қаратилмаган, бир аҳволдаги манзарага дуч келдик. Қолаверса, мажмуага киришдаги яна бир тарихий бинонинг аҳволи ҳам ҳаминқадар. Савдогарларнинг омборхонасига айланганга ўхшайди. Тўғри, тарихий обидаларни таъмирлашнинг белгиланган меъёрлари, тартиб-қоидалари бор. Лекин нега бу масалага ҳанузгача эътибор қаратилмаётгани бизни ташвишга солди.

Хуллас, Ситораи Моҳи Хоса ноёб экспонатлари, гўзал безаклари билан мафтун этган бўлса, юқоридаги каби қаровсиз жиҳатлари билан таъбимизни хира қилди.

***

 ...Барибир Бухородан қайтиш оғир, яна бир неча кун қолсам, азиз авлиёлар макон топган гўшалардан куч олсам, дейсиз. Инсонни яратувчанликка, ҳалол ризқ топиш, ҳалол яшашга ундаган, бу дунё ўткинчилигини ҳар бир сўзида ифода этиб кетган алломалар юртидан енгил бўлиб кетасиз. Гўёки поклангандай, ич-ичингиздаги нафсдан ғолиб келгандай ҳис қиласиз ўзингизни.

Гулруҳ МЎМИНОВА.