Бюджет барқарорлиги қандай таъминланади?

Президент Ш.Мирзиёевнинг 15 апрелда “Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ижроси юзасидан вилоятда маҳаллий бюджет барқарорлигини таъминлаш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик муҳити учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда автомобилсозлик саноатида рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022 йилда қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисмидан вилоят бюджетига йўналтирилиши назарда тутилган маблағларнинг 40 фоизи республика бюджетида қолдирилди.

Жорий йил апрель-декабрь ойларида солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бюджетдан ташқари жамғармаларига тушган маблағларнинг бўш турган қисми тижорат банкларига жойлаштирилади. Олинган даромаднинг 15 фоизи ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5 санасигача республика бюджетига ўтказилади.