Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

9 ойда 704,9 млрд. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфланган

Давлат молиявий назорати инспекцияси ходимлари 2022 йилнинг 9 ойи давомида ўтказган назорат тадбирлари натижасида жами 704,9 млрд. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфланганини аниқлаган.

Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички-аудит бошқармаси томонидан хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, натижаларини таҳлил қилиш ва доимий назорат қилиш ишлари тўғри ташкил этилмаган. Бунинг натижасида бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки ноқонуний сарфлаш ҳолатлари камаймасдан йилдан-йилга ошиб бормоқда.  

Бу ҳақда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди. Мажлисда депутатлар республика Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.

Масала юзасидан Молия вазири Тимур Ишметов ахборот берди.

Айтилишича, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,8 фоизга ўсган, инфляция эса йил бошидан 8,1 фоизни ташкил этган. Давлат бюджети даромадлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 147,1 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 105,3 фоизга ёки 7,4 трлн. сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 трлн. сўмга ошган.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш ҳажми Давлат бюджети умумий харажатларининг 51 фоизини, яъни 83,3 трлн. сўмни ташкил этган. Бюджет ташкилотларининг 55,2 трлн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 10,3 трлн. сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиб берилган.