Охирги икки йилда 371 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, сўнгги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида республика бўйича 371 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан бугунги кунда жами 82 та объектда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича текширишлар ўтказилиб, 66 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Шу билан бирга, 23 миллиард сўмлик 21 та объектни қуриш юзасидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказилган тендер ва танловларда буюртмачи ва пудратчилар ўртасида қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳолатларига йўл қўйилган.
Текширишларда аниқланган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 111 та жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишлари қатъий назоратга олинди ва айни пайтга келиб 24 та жиноят иши суд муҳокамасига юборилиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича давлат ва жамият манфаатларига 260,7 миллиард сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, унинг 47,6 миллиард сўми ундирилиши таъминланди.
Айни вақтда етказилган зарарларни ихтиёрий тўламасдан келаётган, тергов ва суддан яшириниши эҳтимоли бўлган 36 нафар шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.