Чандирободда ғўзанинг ҳолати қониқарсиз

Жорий йилда пахтакор фермерларимиз ғўзанинг хориждан келтирилган серҳосил навларини етиштирмоқда. Бунинг учун иқлимга мос, касалликка чидамли, толаси пишиқ ва серҳосил навлар танлаб олинган. Аммо, бу барчаси кўнгилдагидек бўлади, дегани эмас.

Ҳар қандай ўсимликка ўз вақтида агротехник ишлов бериш, озиқлантириш, парвариш зарур. Шу боис, далаларда хорижий навларни етиштиришда агротехник тадбирларни тўғри ва ўз вақтида ўтказилиши назорат қилинмоқда.

Президент ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари хорижий ғўза навларида амалга оширилаётган агротехник ишлар натижадорлигини ва дала майдонларида (оқ жўхори, маккажўхори, супурги) ҳимоя зоналари ташкил қилингани борасида Паст Дарғом туманида танқидий ўрганиш олиб борди.

Туманнинг "Чандиробод" муқобил МТП ҳудудидаги “Худойберди бобо” (11,2 гектар), “Фарҳод Нурбой” (6 гектар), “Юқори Чандир” (4,5 гектар), “Аброр Грузин” (6 гектар), “Баҳрин сулоласи” фермер хўжаликлари (4 гектар) майдонларида Хитойдан келтирилган “Хинлу Зао-78” ғўза нави парвариш қилинмоқда. Лекин ушбу дала майдонларида оқ жўхори, маккажўхори, супурги экилмаган, ҳимоя зоналари ташкил қилинмаган. Ушбу 32 гектарли ҳудудда агротехник тадбирлар ўзбошимчалик билан ташкил этилган. Суғоришда йўл қўйилган хатолар сабабли айни вақтда дала экинларини қониқарсиз ҳолатдалиги ишчи гуруҳ томонидан танқид қилинди.

Ишчи гуруҳ "Чандиробод" муқобил МТП ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиб, "Ҳолат мутлақо қониқарсиз, кўчатлар сонида камомад мавжуд", деган хулосага келди. Фермерларнинг тажрибасизлик билан олиб борган ишлари ва берилаётган топшириқларни ўз вақтида бажармаётганлиги кескин танқид қилинди. Ғўза далаларидан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш, суғориш тизимини қайта ишлаб чиқиш, ҳудудда ҳимоя қўрғонларини барпо этиш бўйича мутахассисларга топшириқ берилди.

А.Норбоев.