Чекка қишлоқ ёшлари ҳам муддатидан олдин талаба бўляпти

Бир пайтлар шаҳар марказларида ёшларнинг ўқиши учун озми-кўпми имконият бор эди. Қишлоқ ўғил-қизлари эса мактабни битириб, олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаса, тайёргарлик кўриш учун шаҳарга талпинарди. Оилавий шароити яхшиларнинг фарзанди бу имкониятдан фойдаланиши мумкин эди, қолганларининг эса орзуси армонга айланарди.

Бугун ҳолат ўзгача. Биргина мисол Оқдарё туманининг чекка ҳудудида жойлашган 13-мактабда 580 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларга 50 нафар ўқитувчи дарс бериб келяпти.

- Ўтган ўқув йилида 42 нафар ўқувчи мактабни тугатди, - дейди мактаб директори Расул Эгамбердиев . - Уларнинг 28 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топўирди ва 16 нафари талаба бўлди. 6 битирувчи грант, 10 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга кирди. Бу, аввало, мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, қолаверса, мактабда фаолият олиб бораётган тўгараклар самараси деб ўйлайман. Шунингдек, 10 га яқин ўқитувчиларимиз ўз йўналишлари бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга эканлигини ҳам эътироф этишимиз керак.

Насиба Пардабоева шу мактабда 15 йилдан бери она-тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келади. У ёшлигидаги қийинчиликларни эслаб, бугунги ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида шундай дейди:

- Олий ўқув юртига кириш биз учун азоб эди. Рақобатчи кўп эди. Бўлгандаям уларнинг аксарияти ноҳақ йўллар билан рақиблик қиларди. Имтиҳонларда "шпаргалка"ва телефондан фойдаланиш, бировнинг ўрнига бошқа биров кириш каби ноҳақликлар билими бор битирувчиларнинг шаштини сусайтирарди. Мактабда яхши ўқиган кўпгина тенгдошларим ана шундай ноҳақликлар сабаб бир уринишда талаба бўлолмаган ва қизлар турмушга чиқиб кетган. Йигитлар эса пул топиш учун қора меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлган. Ўқитувчи бўлган ота-онам менга яна бир бор имкон берган, жон-жаҳдим билан ҳаракат қилиб, иккинчи уринишда билимим билан 130 балл тўплаб, тўлов-шартнома асосида талаба бўлганман. Ҳозир шогирдларимга ҳавас қиламан. Улар ҳали ўқишга ҳужжат топширмасданоқ, турли сертификатларга эга бўлиб, талаба бўлиш учун етарлича бални тўплаб қўяяпти. Шу йил 4 нафар ўқувчим она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификатларга эга бўлиб, мактабни битирмасдан ўқишга кириш учун етарлича бални қўлга киритди.

Ҳа, бугун чекка қишлоқ ёшлари учун ҳам етарлича шароит бор. Бундай имкониятлардан фойдаланган ўқувчилар муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўляпти. Бунда эса уларга таълим бериш учун ўз устида тинимсиз ишлайдиган,  фидойи устозларларнинг ўрни алоҳида.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (видео).