Чемпион спортчиларнинг ҳаммасига ҳам ижодий имтиҳонда максимал балл берилмайди
“Халқаро ва республика танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, катталар ва ёшлар ўртасида Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари олий таълимга имтиёз асосида қабул қилинади.
Макур низомга кўра, 2021-2022 ўқув йилида Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида охирги тўрт йилда ҳамда республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошлангунига қадар олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларига қўшимча давлат гранти асосида кундузги, сиртқи, кечки таълим шаклларига имтиҳон синовларисиз қабул қилиниши белгиланганди.
Бу дегани, спортнинг олимпия ва паралимпия турлари бўйича Олимпия, Паралимпия, жаҳон ва Осиё, республика мусобақалари ғолиблари ўз йўналишлари бўйича имтиҳонсиз ўқишга кириши мумкин эди.
Бироқ жорий йил 15 июнда қабул қилинган “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори асосида спортчиларнинг ўқишга киришдаги имтиёзлари билан боғлиқ қисм таҳрирланди. Имтиҳонсиз ўқишга кирадиганлар рўйхатидан республика ғолиблари бутунлай олиб ташланди, жаҳон ва Осиё чемпионатларининг охирги тўрт йиллик ғолиблари эмас, охирги бир йиллик ғолиблари имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши белгиланди.
Яъни республика чемпионатлари ғолибларига ўқишга киришда имтиёз берилмади ва бошқалар қатори олий таълим муассасаларига ижодий имтиҳон топширди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларига кимлар ўқишга ҳужжат топшира олиши ва кимларга касбий (ижодий) кириш имтиҳонларида максимал балл берилиши тасдиқланди.
Қарорига кўра, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида:
- “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишига камида иккинчи спорт разрядига эга бўлганлар;
- “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислигига эса камида Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разрядига эга бўлган абитуриентлар қабул қилинади. Бундай талабга тўғри келмайдиган абитуриентлар ҳужжат топшира олмайди.
Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида қуйидагилар касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади:
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвонига эга спортчилар;
- халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер спорт унвонига эга спортчилар;
- Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвонига эга спортчилар;
- Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар.
Баҳодир БЕРДИҚУЛОВ,
спортни ривожлантириш бошқармаси
спорт таълим муассасалари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси.