СамДУ: Бу йил касбий (ижодий) имтиҳон топширган абитуриентлар тест синовларидан озод қилинди
Бугун Самарқанд давлат университетида кундузги бакалавриатнинг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишида ўтказилаётган ижодий имтиҳонлар якунланди. Имтиҳонлар 3 кун давом этди. Унда жами 488 нафар абитуриент қатнашиши керак эди, аммо 173 нафар абитуриент имтиҳонга келмади.
Имтиҳонда дастлаб ҳар бир гуруҳдан номзод чиқиб, комиссия аъзолари тузган имтиҳон билетлардан бирини танлади. Ҳар бир гуруҳга билетда кўрсатилган тасвирни қалам ёки бўёқда чизиш топширилди. Абитуриентларга танланган натюрморт қўйилди ва чизиш учун 1 соат вақт берилди. Шуниси аҳамиятлики, пандемия шароитида ушбу йўналишда абитуриентлар фақат ижодий имтиҳон топширди.
Абитуриентларнинг чизмалари ҳар куни имтиҳон якунлангач, махсус рақамланиб, баҳолаш учун комиссия аъзоларига топширилди. Ижодий имтиҳон адолатли бўлиши учун комиссия аъзолари Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Жиззах давлат педагогика институти мутахассисларидан тузилди. Абитуриентларнинг чизмалари бир кунда баҳоланиб, эртаси куни университет сайтида ва физика факультети биносидаги махсус доскада эълон қилиб бориляпти.
Бундан ташқари, ижодий имтиҳонда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Ахрор Мустафоев назоратчи сифатида қатнашди. Шунингдек, вилоят бошқарма ва ташкилотларидан жамоатчилик асосида назоратчилар жалб этилди. Барча имтиҳон жараёнлари университетнинг физика факультети биноси ҳовлисида, махсус камералар ўрнатилган жойда олиб борилди.
Эслатиб ўтамиз: Бу йил СамДУнинг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишида 75 та квота ажратилган бўлиб, уларнинг 25 таси грант, 50 таси контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.