Самарқанд давлат чет тиллар институтида ижодий имтиҳонлар бошланди
Бугун Самарқанд давлат чет тиллар институтининг шарқ тиллари факультети халқаро журналистика таълим йўналиши учун ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.
Имтиҳонни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетидан келган комиссия аъзолари олмоқда.
- Ижодий имтиҳон икки босқичда бўлиб ўтади, - дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, филология фанлари номзоди Ферхан Алламбергенова. – Университетимиз таянч олий таълим муассасаси ҳисобланиб, унда тасдиқланган мавзулар бўйича дастлаб ёзма имтиҳон олинади. Ҳаққонийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ўнта вариантда саволлар олиб келганмиз. Ҳар бир гуруҳда абитуриентлар ўнта вариантдан бирини танлайди. Ҳар бир вариантда бештадан савол мавжуд. Биринчи босқичда абитуриентлар бешта мавзудан бирини танлаб, иншо ёзади. Иккинчи босқичда комиссия аъзолари абитуриентларни суҳбатдан ўтказади. Суҳбатда кўпроқ уларнинг қизиқишлари, соҳага доир муаммолар, журналистикада кимларни таниши ва нима учун уларнинг ижодларини яхши кўриши ҳақида саволлар берилади. Абитуриентларни турли саволлар орқали дунёқарашини баҳолаймиз.
Шунингдек, абитуриентларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилган ижодий ишлари ҳам суҳбат давомида инобатга олинади.
Жорий йилда институтнинг халқаро журналистика йўналишига 134 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улардан юқори балл тўплаган 25 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинади. Ижодий имтиҳон натижалари 24 соат ичида эълон қилинади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.