Чехиялик тадбиркор тезкор трамвайларни таклиф қилди
Вилоят ҳокими Э.Турдимов Чехиянинг “Pragolmex” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Милан Томеш билан учрашди.
Ишлаб чиқарган трамвайлари билан жаҳонга танилган мазкур компания етти йил илгари пойтахтимизда ўз ваколатхонасини очган эди. Бугунги кунда ҳам компания трамвайлари Самарқанд кўчаларида аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатиб келмоқда.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда “Pragolmex” компанияси томонидан Самарқанд шаҳрига янги трамвайларни олиб келиш, темир йўлларни лойиҳалаштириш ҳамда қуриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
- Компаниямиз икки йилдан буён Самарқандда муваффақиятли иш олиб боряпти, - дейди Милан Томеш. – Тез орада иккита янги трамвай йўналиши қурилиши муносабати билан яна 42 та янги трамвай олиб келишни режалаштирганмиз. Шунингдек, янги қурилажак трамвай депосини ҳам халқаро стандартларга жавоб бериши учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз.
Учрашувда чехиялик тадбиркор ҳар бири 800 минг АҚШ долларида баҳоланувчи тезкор трамвайлар келтириш таклифини ҳам берди. Вилоят ҳокими барча таклифларни ўрганиб, шаҳар йўловчи транспорти аҳволини янада яхшилаш бўйича мазкур компания билан ҳамкорлик қилишни таъкидлади.