Темирйўл вокзали-Сиёб бозор йўналишида трамвай ҳаракати йўлга қўйилдими?

Zarnews'га мазкур йўналишда ҳам трамвай ҳаракатлана бошлаганлиги ҳақида хабар келди. Биз масъуллар билан боғланиб, бу тўғрида суриштирдик.

Маълумотларга кўра, ҳозирча мазкур йўналишда иккита трамвай тажриба-синов учун ҳаракатланмоқда экан. Бир вақтнинг ўзида йўлсозлар томонидан трамвай “изи”да аниқланган камчиликлар тўлдириб борилмоқда. Трамвай линияси фаолияти йўлдаги муаммолар бартараф этилиб, фойдаланишга топширилгачгина тўлиқ йўлга қўйилиши маълум қилинди.

- Бугун биринчи марта бозорга трамвайда бордим, - дейди Малоҳат Ашурова. - Илгари бозор-ўчар учун йўналишли автобусларда келардик. Бунисининг қулайлиги жуда кўп экан. Йўналишдаги трамвайлар сони кўпайтирилса янада яхши бўларди.
Ўйлаймизки, йўлсозлар йўловчиларни кўп куттиришмайди.

Асқар Баротов.