Самарқандда трамвайлар муаммоси қачон ҳал этилади?
Самарқанд шаҳри аҳолиси трамвайлардан фойдаланишга ўрганиб қолди. Бироқ йўналишларнинг камлиги баъзида трамвай тез-тез бузилиб, йўловчиларнинг таъбини хира қилаётганлиги ҳам бор гап.
Турли гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси қошидаги Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси директори Шерали Наматов билан суҳбатлашдик.
- Бугунги кунда юртимизда фақатгина Самарқанд шаҳрида трамвайлардан жамоат транспорти сифатида фойдаланиб келинмоқда, - дейди корхона раҳбари. - Президентимизнинг шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига сифатли йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳридан трамвайларни келтиришни таклиф этгач, 2017 йил февраль ойида хўжалик ҳисобидаги “Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси” ташкил этилиб, 21 та трамвай вагони ва уларга хизмат кўрсатувчи 36 та махсус техника олиб келинди.
Корхона ишга тушгач, дастлаб 6,4 километр узунликда “Темирйўл вокзали - Сартепа массиви” ва 5,1 километр узунликдаги “Темирйўл вокзали - Сиёб бозори” йўналишлари ташкил этилди. Бироқ икки йил фаолият кўрсатгач, муаммолар чиқа бошлади. Жумладан, “Темирйўл вокзали - Сартепа массиви” йўналишида темирйўллар чўкиб, рельсларда нотекисликлар пайдо бўлгач, трамвай вагонлари издан чиқиб кетди. “Темирйўл вокзали - Сиёб бозори” йўналишида нимстанциянинг қуввати етишмайди. Мазкур йўналишда туннель қурилиши жараёнида вақтинча узилган нимстанция қайта тиклаб берилмади. Шунингдек, реконструкция ишлари ҳам ниҳоясига етказилмай қолди. Юқори кучланишли кабеллар фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келган. Йўналиш техник экспертизадан ўтказилмаганлиги сабабли тўлиқ фойдаланилмаяпти. Агар мавжуд камчиликлар бартараф этилса, қўшимча 8 та трамвай вагони аҳолига хизмат кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, трамвай депосидаги рельслар ва йўналтиргичлар стандартга жавоб бермаганлиги сабабли айрим ҳолларда вагонлар кўчада қолиб кетмоқда.
- Жорий йилнинг ўтган ўн ойида 2 миллион 425 минг нафар йўловчига 3 миллиард 396 миллион сўмлик хизмат кўрсатилди, - дейди Шерали Наматов. – Бироқ бу маблағ кўзда тутилган харажатларни қоплашга етмаяпти. Вагонларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш цехлари қурилиши охирига етказилмаганлиги сабабли трамвайларни ювиб-тозалаш, техник хизмат кўрсатиш, қолаверса, Тошкент шаҳридаги устахоналарда таъмирлатиб келиш ортиқча харажатларни келтириб чиқармоқда.
Асосийси, корхонада трамвай эҳтиёт қисмларини топиш муаммо бўляпти. Чунки уларни Чехиядан олиб келиш лозим. Узоқ йиллар фойдаланилгани сабаб айрим бутловчи ва эҳтиёт қисмлари хизмат муддатини ўтаб бўлган.
Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти муаммосини ҳал қилишда ўзига хос аҳамиятга эга трамвайларга эътибор қаратилмас экан, Кимёгарлар шаҳарчасига 11 километрлик ва Спитаменшох кўчаси бўйлаб Чархин шаҳарчасигача бўлган 13,4 километрлик масофага трамвай йўналишларини қуриб, аҳолига жамоат транспорти хизматини кўрсатиш анча қийин бўлади.
Дилмурод Тўхтаев.