Сартепадаги сув қувурлари босқичма-босқич янгиланяпти. 40 йиллик эски тармоқда носозликлар кузатилмоқда
Кеча, 16 ноябрь куни Zarnews.uz телеграм каналида Самарқанд шаҳри Сартепа маскани, Туркистон кўчасида ўтган ҳафтадан буён тоза ичимлик суви ҳуда-беҳуда оқиб ётгани ҳақидаги мурожаат эълон қилинди.
Ушбу ҳолат “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар бўлими мутахассислари томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Натижада сув қувуридаги носозлик аниқланиб, уни бартараф этиш ишлари олиб борилди.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Сартепа масканидан ўтувчи магистрал ичимлик суви қувурлари ўтган асрнинг 80-йилларида тортилган бўлиб, мазкур сув тармоқларининг эксплуатация даври тугаган. Шу сабабли тармоқда кўплаб носозликлар кузатилмоқда.
Самарқанд вилоятини ободонлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маскандаги ичимлик суви қувурларини янгисига алмаштириш бўйича монтаж-қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётганлигини маълум қиламиз.
“Самарқанд сув таъминоти “ МЧЖ ахборот хизмати.