Чидамли бактериялар хавфи: Мутахассислар глобал таҳдиддан огоҳлантирмоқда
ЖССТ антибиотикларга чидамли бактериал инфекцияларнинг тез суръатда ўсиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. Асосий сабаб дори воситаларининг ҳаддан ташқари ва нотўғри қўлланилишидир.
Антибиотикларнинг нотўғри қўлланилиши бутун дунёда бактерияларнинг дорига чидамли бўлиб боришига олиб келмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, бу жараён асосан шифокор тавсиясисиз антибиотик қабул қилиш, айрим вирусли касалликларни даволашда шарт бўлмаган ҳолатларда ҳам қўллаш ёки антибиотик билан даволаш жараёнини нотўғри олиб бориш сабабли тезлашмоқда.
Иммунологларнинг айтишича, бундай хатолар “чидамли бактериялар селекцияси”га сабаб бўлади. Бунда, айниқса, E.coli ва Klebsiella каби бактериялар катта хавф туғдиради.
Бунинг яна бир сабаби, ҳайвонларда касалликлар тарқалиши, кўпайишининг олдини олиш мақсадида антибиотикларнинг қишлоқ хўжалигида ҳам қўлланилиши. Бу эса гўшт орқали антибиотик қолдиқларининг инсон танасига тушишига олиб келиши мумкин.
Олимлар айтишича, бактериялар табиий равишда мутацияга учрайди ва бир-бирларига чидамлилик генларини ўтказиши мумкин. Бу жараён “кворум-сенсинг” деб аталади — бактериялар ўзаро ахборот алмашиб, ўзини муҳофаза қилиш қобилиятини оширади.
Антибиотиклар фақат шифокор тавсияси билан ва тўлиқ курсда қабул қилиниши шарт. Тескари ҳолатда бактериялар дорига ўрганиб қолади ва даволаш самарасиз бўлади, дея огоҳлантиради терапевтлар.
Муттахассислар антибиотик ёзишдан олдин “антибиотикларга сезгирлик” ташхисини ўтказишни тавсия қилади. Бу энг мос ва самарали дорини танлашга ёрдам беради.
ЖССТ анъанавий антибиотиклар тобора самарасиз бўлиб бораётгани ҳақида бонг уради. Нима учун бу содир бўлмоқда?
Гап шундаки, генлардаги тасодифий ўзгаришлар ва ўзаро "фойдали" генлар алмашинуви уларни антибиотикларга чидамли қилади. Касалхоналар бу "омон қолганлар" учун идеал жой: беморлар кўплиги, турли инструмент ва мосламалар бактериялар омон қолиш учун юқори рағбатга эга. Шунинг учун тозалик, дезинфекция ва персонални ўқитиш сифати антибиотикларга чидамлиликка қарши курашда ҳал қилувчи омиллардан ҳисобланади. Хуллас, аҳоли антибиотикларни назоратсиз қабул қилмаслиги, шифохоналар эса қоидаларга қатъий риоя қилиши зарур.
Г.Холдорова тайёрлади.