Чағатойнинг ҳунарли аёллари

Иштихон туманидаги Чағатой маҳалласи бугун ўзгариш ва тараққиёт шамоллари эсиб турган, меҳнат ва ташаббус самарасини кўрсатиб бераётган маскан.

2023-2024 йилларда жорий этилган “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари доирасида маҳалланинг қиёфаси буткул ўзгарди. Йўллар равонлашди, ариқ ва сойлар тозаланиб, сув оқими тикланди. Кам таъминланган қатлам, ишсизлик, мактаб ва боғча масалалари бирма-бир ҳал этилди.

Ободлик фақатгина биноларнинг таъмири ёки йўлларнинг тузатилиши эмас. Бу одамлар ҳаётининг фаровонлашиши, уларнинг ўз касби ва ҳунари билан шуғулланиши, оиласига наф келтириши, айни пайтда эса жамиятга манфаатли шахсга айланишидир. Чағатой маҳалласида ҳам айнан шу йўл танланди. Хотин-қизларнинг иш билан таъминланиши, уларга ҳунар ўргатилиши йўналишида улкан қадамлар қўйилди.

Ҳудудда маҳалла эҳтиёжларидан келиб чиқиб, турли курслар ташкил этилди. Тикувчилик, пишириқ тайёрлаш, кичик ҳамширалик каби йўналишларда мутахассислар иш бошлади. Бунинг натижасида ўнлаб хотин-қизлар янги касб эгаллаб, оиласига даромад келтира бошлади. Айниқса, аёлларнинг фитнес билан шуғулланиши учун имконият яратилиши нафақат жисмоний, балки руҳий саломатлик учун ҳам катта қадам бўлди.

Бу эзгу ишларнинг марказида фидойи аёллар турибди. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Гулмира Ҳамроева ташаббуси билан амалга оширилган лойиҳалар жуда кўп аёллар ҳаётини ўзгартирди. Тикувчиликни Севара Турғунова, ҳамшираликни Хайринисо Жўраева ва Гули Ўролова, пишириқ тайёрлашни Барно Холиқова, фитнесни эса мутахассислар ўргатишга киришди. Уларнинг меҳнати ва ташаббуслари маҳалладаги хотин-қизларга умид бағишлади.

Қувонарлиси, бу курсларнинг аксарияти текин, ҳамширалик йўналишида эса ойига бор-йўғи 250 минг сўм тўлов белгиланган. Ҳар бир курсга 15 нафардан ўқувчи қабул қилиниб, уч ой давомида таълим берилади. Ҳозиргача 60 нафар хотин-қиз янги касб эгаллаб, ўз мустақил фаолиятини бошлади.

- Биз фақат ўзимиз учун эмас, фарзандларимиз учун ҳам меҳнат қиламиз, - дейди Севара Турғунова.

- Бўш вақтларимизда болаларимизга ҳам ҳунар ўргатамиз, - суҳбатга қўшилади Барно Холиқова.

- Тикувчилик бўлса, кийим тикамиз, пишириқ бўлса, дастурхон безаймиз. Ҳунарли аёлга ҳаёт доим гўзал кўринади.

Обод ва фаровон ҳаёт - меҳнат самараси. Бу маҳалладаги юксалиш, хотин-қизларнинг ўз ўрнини топиши, ҳар бир хонадонда қувонч ва фаровонлик бўлиши учун қилинган ҳаракатлар натижасини бермоқда.

Гулзамон АКБАР.