Чиқинди қутисидаги нон

- Бемазалар, чиқинди қутисига нон бўлакларини ташлабди, - ачиниб гапирди у. – Увол, савоб деган нарсаларни унутдик чоғи. Наҳотки нонни хор қилишдан қўрқмасак! Ахир, дунёда нондан азиз неъмат йўқ-ку! 
Одамлар ўзига керак бўлмаган ҳамма нарсани чиқинди дейишга ўрганиб қолган, шекилли. Каттақўрғон шаҳридаги чиқиндиларни ташиш билан шуғулланадиган «Аҳолига хизмат кўрсатиш» масъулияти чекланган жамияти бошлиғи Икром Насруллаев шунга ўхшаш ҳолатни сўзлаб берди:
- Ходимларимиз белгиланган жадвал асосида маҳалла, кўча ва кўп қаватли уйлар атрофидан ҳамда махсус чиқинди ташлаш жойларидан қаттиқ ва маиший чиқиндиларни олишади. Аммо аҳолининг кўтариб чиқадиган нарсалари ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди. Тушунтиришдан эса фойда йўқ. Ювиндидан тортиб тандир кулигача аралаштириб олиб чиқадиган мижозларнинг ўзбек эканига иккиланиб қоласан, киши.

Бу чиқиндига муносабатнинг фақат бир томони. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Каттақўрғон шаҳар бўлими бошлиғи Шокир Султоновнинг фикридан янаям изтиробга тушасиз:
- Шаҳримизни тоза, озода сақлаш учун 36 та маҳалла, 15 та кўчага махсус чиқинди қутилари ўрнатилган эди. Бугун ана шу чиқинди қутиларининг тўқсон фоизи айрим ноинсофлар томонидан ўғирлаб кетилган. Шаҳар мусаффолиги учун ҳар бир фуқаро ўзини дахлдор деб билиши зарур бўлгани ҳолда бу ишга қўл урган кишини нима деб аташ мумкин?
Сув бўйида қурилган хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам жамоатчилик назоратидан четда қолиб кетяпти. Зарарли сувлари каналга йўналган «мойка»лар ҳам шулар жумласидан. Модомики, бундайлар уволдан қўрқмас экан, уларга керакли таъсир чораларини қўллаш керак.

Азим ҚОДИРОВ,
«Зарафшон» мухбири.