Чиқиндихона ери тадбиркорга берилмаган

Сайтимизда ва газетамизнинг жорий йил 17 августдаги 104-сонида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси нима учун ҳамма жойни озода қилолмаяпти?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Нуробод туман ҳокими Ф.Зоиров имзоси билан келган хатда ушбу мақолага муносабат билдириб, қуйидагилар баён қилинган:

Тумандаги Шарқ юлдузи маҳалласида жойлашган чиқинди йиғиш шахобчаси Республика аҳамиятига эга бўлган 4Р-52 “Сарикул-Нуробод-Навоий” автомобил йўлида, яъни туман марказига кириш қисмида, шунингдек, марказдаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди яқинида ҳамда аҳоли серқатнов кўчада жойлашганлиги сабабли масжид жамоати, ҳудуд аҳолисининг эътирозлари шикоятлари кўпайиб, жойлашган жойи жиҳатидан санитария меъёрларига тўғри келмаганлиги учун 2018 йилда туман ҳокимлигининг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан (16 миллион сўм) ушбу чиқиндихона дислокацияга асосан аввалги жойлашган ўрнидан жануб томонга (темир йўл ортига) кўчирилган. Ҳозирги вақтда ушбу чиқиндихона тўлиқ фаолият олиб бормоқда.

Нурбулоқ маҳалласида жойлашган чиқиндихона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 2017 йилда Нурбулоқ массивида қурилган 10 та икки сотихли турар жой бинолари қурилиш майдонига тушиб қолганлиги сабабли ушбу чиқиндихона биносини бошқа жойга кўчириш “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вилоят филиали томонидан амалга оширилиши белгиланган. Бироқ бугунги кунга қадар қурилиш ишлари амалга оширилмаган.

Мазкур чиқиндихоналарнинг бузилиш ёки бошқа жойга кўчирилиши аҳолининг ижтимоий талабларидан келиб чиқиб амалга оширилган. Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилиши учун ажратиб берилмаган.