Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси нима учун ҳамма жойни озода қилолмаяпти?

Чиқинди у хоҳ қаттиқ бўлсин, хоҳ маиший ёки қурилиш чиқиндиси бўлсин, тўплаш, ташиш, кўмиш ёки утилизация қилиш, имкони бўлса, қайта ишлаш талаб этилади. Шу туфайли бундан икки йил олдин жойларда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари фаолияти йўлга қўйилган.

Ушбу корхоналарни ташкил этишдан кўзланган мақсад аввало, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш эди. Шу билан бирга халқимиз учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, республикада санитария ва экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга режалаштирилганди.

Хўш, бугун ушбу мақсадларга нечоғлик эришилмоқда, умуман, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари талаб даражасида ва тўлақонли фаолият юритаяптими? Туман, шаҳар ҳокимликларида бу тизим самарали ишлаши учун етарли эътибор қаратилаяптими?

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган ҳокимлик соатида ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, шаҳар, туманларда аҳоли ва юридик корхоналарнинг маиший ва суюқ чиқиндиларини олиб чиқишда шартнома тузиш ҳамда қарздорликларни камайтириш, хизмат сифатини талаб даражасига етказиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унивтер корхонасининг 15 та, жумладан, Каттақўрғон шаҳрида 1 та ва туманларда 14 та филиали хизмат кўрсатмоқда. Аммо жорий йилнинг 1 август ҳолатига корхонанинг вилоят бошқармасида 15 та, туман ва шаҳар филиалларида 701 та штат бирлигидан 141 таси вакант. Ишчи-ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларидан 2019 йил июль ойи учун 905,9 миллион сўм қарздорлик вужудга келган. Нега?

Вилоят ҳокимлигининг 2018 йил 27 августдаги йиғилиш баёнига асосан ижара шартномаси тузилиб, жами 199 та техникалардан 12 таси “Мароқанд Обод” давлат унитар корхонасига ўтказилган. Лекин бугунги кунга қадар ижара тўлови амалга оширилмаган.

Ўтган етти ой давомида аҳоли хонадонларига 3,9 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган. Бироқ бугунги кунда 7,8 миллиард сўм дебитор ва 7 миллион сўм кредитор қарз юзага келган. Жумладан, Паст Дарғом туманида 877,8 миллион, Ургут туманида 844,9 миллион, Жомбой туманида 739,8 миллион, Иштихон туманида 721 миллион, Пайариқ туманида 706,4 миллион, Нарпай туманида 649 миллион сўм қарздорлик мавжуд.

Бундан ташқари, корхона ва ташкилотларга 2,5 миллион сўмлик хизмат кўрсатилган бўлишига қарамай, 500 миллион сўм дебитор ва 76,7 миллион сўм кредитор қарздорлик юзага келган. Жумладан, Самарқанд туманида 104,8 миллион, Каттақўрғон шаҳрида 58,7 миллион, Булунғур туманида 57,8 миллион, Тойлоқ туманида, 40,6 миллион, Иштихон туманида 37,7 миллион, Каттақўрғон туманида 32,1 миллион, Нуробод туманида 18,3 миллион сўм дебиторлик қарздорликлар мавжуд.

Умуман, бугунги кунгача вилоятдаги 538 минг 984 хонадондан (Самарқанд шаҳридан ташқари) 182 минг 136 таси ёки 33,6 фоизи билан шартнома тузилган. Мавжуд 11 мингта юридик корхоналардан 2 634 таси ёки 23,9 фоизига хизмат кўрсатилмоқда.

Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида 2021 йилгача чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражасини 93 фоизга етказиш кўзда тутилган. Хўш, бундай шароитда айтилган кўрсаткичга эришиб бўладими? Мумкин, фақат қўшимча 233 та техника, шундан 205 та чиқинди чиқариш (мусоровоз), 15 та асенизатор ва 13 та бульдозер техникалари талаб этилади.

Бугунги кунда шаҳар ва туман филиалларида жами 14 та чиқинди йиғиш полигонлари мавжуд, бироқ 2018 йилдан буён уларнинг 2 тасидан фойдаланилмаяпти.

Жумладан, Тойлоқ туманида ҳудудга туташ жойлашган “Сиёб саховати” масъулияти чекланган жамияти томонидан полигонга чиқиндиларни киритишга рухсат берилмаяпти. Шу сабаб Тойлоқ тумандаги чиқиндилар Ургут ва Самарқанд туманларидаги полигонларга чиқарилмоқда, бу эса қўшимча транспорт ва бошқа харажатларнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Полигон учун қўшимча ер майдони ажратиш юзасидан 2018 йилнинг март ойида туман ҳокимлигига мурожаат қилинган бўлса-да, ҳалигача ер майдони ажратилмаган.

Оқдарё туманидаги “Қоработир” қишлоғидан полигон учун 3 гектар ер майдони ажратилиб, ички йўлга асфальт қопламаси ётқизилган, атроф блок девор ва тўр-сим билан ҳимояланган. Аммо 2019 йил март ойидан буён полигон атрофидаги аҳоли томонидан ушбу ҳудудга чиқинди ташлашга қаршилик қилинмоқда. Оқибатда чиқиндилар туманнинг Сарихўжа қишлоғидаги 5 гектар очиқ ер майдонига чиқарилмоқда. Ваҳоланки, ушбу ҳудудда полигон қурилмаган, йўл ва электр энергияси олиб борилмаган, ҳимоя девори билан ўралмаган, қоровулхона қурилмаган.

Кўчага ёки белгиланмаган жойларга чиқиндиларни тўкиш ҳолатлари биргина Оқдарё туманида эмас, бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Мисол учун, Каттақўрғон шаҳар Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини “Дилором Пардаева” уй-жой мулкдорлари ширкати ҳудудида жойлашган чиқинди йиғиш шохобчаси ўрнида “Мохларойим НУР” масъулияти чекланган жамияти томонидан шаҳар ҳокимининг қарорига асосан хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилган.

Пайариқ тумани Гўзал маҳалласи ҳудудидаги жойлашган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Пайариқ филиали балансида бўлган чиқинди йиғиш шохобчаси хусусий болалар боғчаси қурилиши муносабати бузиб ташланган. Нуробод тумани “Шарқ юлдузи” ва “Нурбулоқ” маҳалласи ҳудудидаги 2 та чиқинди йиғиш шохобчаси ҳам ана шундай қисматга рўбарў бўлган. Тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш учун бузиб ташланган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Тойлоқ, Оқдарё, Нуробод, Пайариқ туманлари ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимликлари сукут сақлашни энг мақбул йўл деб билмоқда.

Ё.ГАДОЕВ.