Чўпон аёлнинг бахт формуласи

Бугунги қишлоқ аёли фақат сигир соғиб, нон ёпишдан бўшамайдиган аёл эмас. Унинг дунёқараши турмуш тарзи, орзу-истаклари ўзгарган. Қишлоқ аёли фермер, тадбиркор, хусусий корхона, мактаб, боғча раҳбари.

Ана шундай қишлоқ аёли, унинг турмуш тарзи ҳақида мақола тайёрлаш мақсадида Нуробод туманининг олис маскани -  Олға қишлоғига йўл олдик.

Чўл шароити, атроф асосан даштлик, инжиқ табиат. Ана шундай чўл бағрида яшовчи чўпон аёл Зуҳра Хидировани учратдик. У Нурободнинг кенг дашт яйловларида узоқ йиллардан буён чўпонлик қилиб келаркан. Шу касб орқасидан фарзандларини тарбиялаб, вояга етказган. Бугун улар олий маълумотли, яхши касб эгаси.

Манзилга келсак, чўпонлар қўналғаси мен йўлда тасавур этгандек, деворлари тошдан, томи лойга янтоқ қўшиб сувоқ ғарибона эмас экан. Ҳартугул уй томи шиферланган, қулайгина бошпана. Ёнида замонавий  автомобиль турибди, энг асосийси, мўъжазгина қуёш батареяси ҳам борлиги эътиборимни тортди. Отардаги қўйлар ва чўпонлар учун сув чиқарадиган артезиан мосламаси ҳам қуёш батареяси воситасида ишлар экан.

Ота-боболаримиз чўпонлар авлодидан. Уч авлодимиз шу фахрли касб эгалари бўлишган,- дейди Зуҳра опа. - Мана 20 йилдан ортиқ шу чўлда мен ҳам чўпонлик қилиб келаман. Бу йил кайфиятимиз яхши, кўклам серёғин келиб, ўт-ўлан мўл бўлди. Қишловга барча тайёргарликларни кўриб қўйдик. Касбимни севаман, кенг дала, қўй-қўзилар ҳамроҳим. Олис чўлда бўлсак-да, шу юмушлардан ортиб, фарзандларимнинг таълим-тарбияси билан ҳам шуғулландим. Юзимизни ёруғ қилиб, улар олий маълумотли бўлди. Бир аёл нима орзу қилса, шуларнинг барчасига  эришяпман, деб ўйлайман. Чўлда яшашимдан, чўпон эканимдан ҳечам афсусланмайман. Аксинча фахрланаман. Кўпчиликнинг тасаввурида  "чўпон аёл" деганда турмуши қийин, оғир меҳнатли аёл гавдаланади. Йўқ, бугун ундай эмас. Масалан, мен шу чўлда яшаётганимдан ҳеч қачон армон қилмаганман.

Чўпонлар қўналғасида интернет ишламаслигидан диққатим ошиб, улардан бу ҳақда сўраганимда, «Қишлоқ марказига борсаккина ишлатамиз интернетни» деб жавоб беришди. Маълум бўлишича, ҳар отарда биттадан оддийгина “Nokia” телефони бор экан, улар ҳам наслчилик МЧЖ томонидан берилган.

Зуҳра Хидирова каби чўпон аёллар... Уларнинг юзида чексиз сабот, ҳаёт синовлари изларини ва шу билан бирга, мағрурлик, ўзига яраша бахтиёрлик, чексиз тоқат, камтаринлик, бардош намоён. Улар ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нимадан нолимайди... Шукроналик билан даштда зар яратади. Кета туриб, келишимдаги  тасаввурим ўзгача тус олган эди. Улар чўл шароитидаги бу  масрурликни, бахтни — ҳашаматдан эмас, оддийликдан, шу ҳаловатдан топган бўлса не ажаб.

Шуҳрат Нормуродов.