Чўпонотада замонавий автошоҳбекат барпо этилади
Жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида республикамизда илк маротаба жамоат транспортларида “ТезКард” йўлкира хақини тўлашнинг замонавий усули жорий қилинганди. 437 та автобус ва 12 та трамвайларга валидаторлар ўрнатилди. Шаҳардаги 15 та жетон сотиш шаҳобчаларида қўшимча равишда “ТезКард” йўловчи картаси сотилиши ҳам йўлга қўйилди. Бугун вилоятимиз транспорт бошқармаси томонидан мамлакатимизда биринчи бўлиб, хорижлик сайёҳлар учун «VISA» карта орқали йўлкирани тўлаш тизими ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.
Вилоят Матбуот уйида ўтказилган анжуманда вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари журналистларга шу каби янгиликлар ҳақида ахборот беришди.
- Ўтган йилги Давлат дастури ижроси юзасидан вилоятдаги йўловчи ташувчилар ташаббуси билан соҳага ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича онлайн (GPS) режимида йўналишдаги автобусларни масофадан кузатиш тизими босқичма-босқич амалга оширилмоқда, - деди вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Э.Муродов. – Бугун Самарқанд шаҳридаги 61, 67, 14, 24, 7, 256-йўналишлардаги 46 автобусда ушбу онлайн режимни синовдан ўтказяпмиз. Бу тизим автобусларнинг графикка риоя қилган ҳолда қатнови, белгиланган тартиб доирасида ҳаракатланишини назорат қилиш имкониятини беради.
Анжуман давомида йўловчи ташиш ишлари билан ноқонуний тарзда шуғулланаётган киракашликка қарши курашиш борасида ҳам маълумот берилди.
- Тегишли ташкилотлар билан ўтказилган 882 та қўшма рейд тадбирлари натижасида ўтган йили 6876 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи А.Имомов. - Судларга юборилган 6814 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 6787 таси кўриб чиқилиб, қонунбузарлардан давлат фойдасига 6 миллиард 335 миллион сўмдан ортиқ жарима ундирилди.
Шунингдек, тадбирда шаҳар ва туманларда йўналишсиз такси ва автобусларнинг техник ва санитария ҳолати, ҳайдовчиларнинг йўловчиларга нисбатан муомаласи, кийиниш маданияти, автобусларнинг оралиқ бекатларда асоссиз равишда узоқ вақт тўхтаб туриши, йўловчи ташиш транспортларининг бир-бирини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш ҳолатларига оид журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб ва изоҳлар олинди.
Абдуғофур Шерхолов.