COVID-19 билан касалланиш илк марта 2019 йилнинг ёз ойларида бошланганми?
Гарвард университетининг тиббиёт мактаби мутахассислари профессор Жон Браунстейн бошчилигида Ухан шаҳрининг йирик касалхоналари ёнидаги тўхташ жойида йиғилган автомобилларнинг сўнгги икки йилдаги динамикасини ўрганиб чиқди.
Улар 2019 йилнинг август ойидан бошлаб касалхоналар автомобиль тўхташ жойларидаги автомобиллар сони шиддат билан ошганини аниқлашди. Тўхташ жойларидаги автомобиллар сони кўз ойларида энг юқори нуқтага етган. Мутахассислар берган маълумотга кўра, ўша даврда автомобиллар сони ўртача 67 фоизга ошган.
Шу билан бирга мутахассислар, интернет фойдаланувчилари томонидан изланган маълумотларни ҳам ўрганиб чиқди. Аниқланишича, 2019 йилнинг кўз ойларида Ухан шаҳри аҳолиси, коронавирус аломатлари ҳисобланган йўтал ва диарея ҳақида тез-тез интернет сайтларидан маълумот излаган.
Гуруҳ раҳбарининг сўзларига кўра, мазкур маълумотларни COVID-19 билан боғлиқ, деб юз фоиз ишонч билан айтиш қийин. Бироқ мутахассислар, Ухандаги вазият коронавирус инфекциясининг денгиз маҳсулотлари бозорида авж олишидан илгари мураккаб бўлганлиги аниқ, деб ҳисобламоқда.