COVID-19га қарши вакцина бозорида ҳақиқий “жанг” бошланиш арафасида
Коронавирусга қарши вакцина бозори ишлаб чиқарувчилар ўртасида бўлиб ўтадиган ҳақиқий жангга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) раҳбари Кирилл Дмитриев таъкидади.
“Яна 6 ойдан сўнг шундай вазият юзага келадики, вакцинаси бор давлатлар бир нечта бўлади. Тахминимизча, бу Буюк Британия, Россия, Хитой ва АҚШ бўлади. Бошқа мамлакатлар эса кимга кўпроқ ишонишни ҳал қилади”, дея таъкидлади Дмитриев.
У шунингдек дунёдаги “сиёсий тўсиқлар” ҳақида ҳам тўхталиб ўтди ва барчани биринчи навбатда инсонлар хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
“Сиёсий тўсиқ ва сиёсий қарашлар олд технологиялардан фойдаланишга ҳалақит беради. Келинглар, биринчи навбатда инсонлар хавфсизлигини таъминлайлик, сиёсат билан кейин ҳам шуғуллансак бўлаверади”, деди РТИФ раҳбари.
Дмитриев тақдим этган маълумотга кўра, айни вақтда Россия Яқин Шарқ, Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатлари билан вакцина етказиб бериш тўғрисида музокаралар олиб бормоқда. Шу билан бирга, у сиёсий босим туфайли Ғарб мамлакатлари Россия вакцинасидан бош тортганини маълум қилди.