Дабдабага йўл қўйилмайди
Бироқ кейинги пайтларда бундай эзгу ҳаракатларнинг акси бўлган тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.
Тўғри, тўй ва маросимлар одамларни жипслаштирадиган, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган одатларимиздан. Йигит-қиз вояга етдими, албатта, уларни уйлаш, турмушга бериш керак. Бу ота-онанинг бурчи. Аммо келин-куёв учун қанчадан-қанча сарпою сеп, жиҳозу мебель, тилла тақинчоқлар олиш, дабдаба билан тўй қилиш заруратми? Бу ахир исрофгарчиликдан, ҳою-ҳавас учун ўзини азобга гирифтор этишдан бошқа нарса эмас-ку. Энг ёмони, ёшларни ўзининг келажаги, имкониятлари, касб-ҳунар ўрганишга, тадбиркорликка, янги ғоя, ихтиро ва кашфиётларга қизиқиши эмас, тўйини "эсда қоларли" қилиб ўтказиш, дастурхонни бошқалардан кўра яхшироқ безаш қизиқтириб қолган. Бу эса ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларда боқимандалик, ўткинчи ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш, енгил-елпи ҳаёт кечиришга, оилавий можароларга сабаб бўлмоқда.
Энди бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Хусусан, туманимизда тўй-маъракаларни ўтказишда меъёр ва тартибга риоя қилиниши қатъий назоратга олинади. Айни кунда шу мақсадда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Меъёр ва тартибни бузган, ҳаддидан ошган кимсаларни маҳалла фуқаролар йиғинига чақириб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қиламиз. Мақсадимиз - тўй-маъракаларни дабдабасиз ва камхарж қилиб ўтказиш. Зеро, одамларимиз ҳаёт тарзи яхшиланиб, жаҳон ҳамжамиятига кўпроқ дахлдорлигимиз ошиб бораётган, ўзбек маданиятидан жаҳон халқлари андаза олаётган бир даврда миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш бугуннинг долзарб вазифасидир.
Абдумўмин ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Пайариқ тумани ҳокими.