Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Дафтар”лар нима берди?

Бугун ҳаётимизга “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тушунчаларининг кириб келиши орқали эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар ва ёшлар турмуш тарзида туб ўзгаришлар бўлганига барчамиз гувоҳмиз. Бу давлатнинг ўз фуқаролари ҳаёти, бугуни ва эртаси учун бефарқ эмаслигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, десак хато бўлмайди.

Самарқанд вилоятида “Темир дафтар” ташкил этилганида унга боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган, ишсиз ва доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кўп болали, узоқ муддатга хорижга кетиб оиласига даромад келтирмаётган ва бошқа сабабларга кўра камбағаллиги аниқланган 47 770 оила киритилган эди. Йил давомида жойларда мунтазам равишда ўтказилган мулоқотлар натижасида "дафтар"га 4207 оила қўшилди.

Рўйхатга киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан вақтинча даромад манбаига эга бўлмаган, ногирон, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларга 37,1 миллиард сўмлик ёрдамлар кўрсатилди, 3 995 нафар фуқарога 8,2 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар, 1588 оилага 15 880 бош хонаки товуқ тарқатилди. Бундан ташқари, меҳнатга лаёқатли

66 минг 642 нафар ишсиз фуқародан 64 минг 105 нафари оилавий тадбиркорликка жалб этиш, ҳунармандчиликка, жамоат ишларига, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги доирасида ишга туширилган лойиҳаларда яратилган иш ўринларига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, ер ажратиб бериш, ўзини-ўзи банд қилиш ва бошқа йўналишлар орқали бандлиги таъминланди.

Вилоятда 30 ёшдан юқори бўлган 655 102 нафар аёлларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари анкета-сўровномалари асосида хатловдан ўтказилиб, ижтимоий шароити оғир, ёрдамга муҳтож 34 939 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди.

“Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар ишга жойлашиш, моддий ёрдам кўрсатиш, уй-жойини таъмирлаш, нотурар жойларда истиқомат қилаётганлар, қарамоғида ногирон фарзанди бўлганлар, тиббий ҳимояга, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож каби тоифаларга ажратилган ҳолда масъул ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда тегишли ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 18 198 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 4 553 та боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилага 4,1 миллиард сўм бир марталик моддий ёрдам ҳамда 602 нафар аёлларга 198,8 миллион сўмлик қўшимча ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, 780 нафар қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларга 409,1 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилди. 3948 нафар аёлга тиббий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, ўзини-ўзи банд қилиш ва қўшимча даромад манбаини шакллантириш мақсадида 2907 нафар аёлга 4,3 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар тарқатилди.

“Ёшлар дафтари” рўйхатини шакллантириш мақсадида ўрганишлар натижасида вилоятдаги 18-30 ёшдаги 717 193 нафар ёшлардан 69 889 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилди. Рўйхатга киритилган ёшларнинг 79 фоизи ишсиз ёшлар сифатида қайд этилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида 67 890 нафар йигит-қизга тегишли ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 15 754 нафари доимий ишга, 1789 нафари “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандчиликка жалб этилди. 5376 нафарига тадбиркорликни бошлаши учун кредит ажратилди, 27 346 нафар ёшларга 2241 гектар ер майдонлари берилди, 10 570 нафар ёшларга ўзини-ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар тарқатилди.

Бугунги кунда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да қолган оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлар давом этмоқда. Уларни қийнаётган муаммолар, қизиқтирган саволлар ҳамда билдираётган таклифлари ҳар томонлама ўрганилиб, ижобий ечим топиш чоралари кўрилмоқда.   Таъкидлаш лозимки, мазкур дафтарлар орқали қанчадан-қанча оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши таъминланди. Бу оилалар аъзоларининг бугунидан розилиги, эртанги кунга ишончи ошишига эришилмоқда. “Дафтар”ларни юритишдан кўзланган мақсад ҳам шу, аслида.

Дилшод Шакарбоев,

вилоят иқтисодий тараққиёт ва

камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи

биринчи ўринбосари.