Дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кутилмоқда?
Бугун Ўзбекистон ҳудудидан булут массивлари ўтиши кутилмоқда. Шу сабабли тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Ўзгидромет хабарига кўра, республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 17-22 метргача кучайиши, Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида шамолнинг шиддати секундига 23-28 метргача етиши мумкин.
Ҳарорат фони 35-40 даража атрофида бўлади. Мамлакат жануби ва чўл зонасида айрим жойларда 42 даражагача бўлиши мумкин. Бундай ҳарорат бугунги кун меъёрий кўрсаткичларидан 5-7 даражага юқоридир.
Дам олиш кунларида Қозоғистон ҳудудидан салқин ҳаво кириб, иссиқ бироз чекинади ва ниҳоят ҳарорат кўрсаткичлари меъёрда - кечаси 17-22 даража, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади.
Республиканинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги кучайиши, шиддати 17-22 м/с. га етиши мумкин.
6 ва 7 июнь кунлари мамлакатимизнинг тоғли туманларидагина ёмғир ёғиш эҳтимоли бор.