Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Дамариқ» бозорининг эгаси ким?

Қоғозларда бозор бор, аммо савдо қиладиган майдони йўқ. Шунақаси ҳам бўладими, балки бу чет элда ёки келажакдаги инновацион лойиҳалардир дейиш мумкин. Афсуски ундай эмас, гап Самарқанд шаҳридаги “Дамариқ” деҳқон бозори ҳақида бормоқда.

Таҳририятимизга “Дамариқ” деҳқон бозори масъулияти чекланган жамияти назоратчиси Алишер Файзуллаев 2015 йилда фаолият юритиб турган бозор аукцион савдосига чиқарилиб ўша пайтда шаҳар марказидаги 60 сотих ер майдони ва тайёр бино сотилиб кетгани ортидан бозорда доимий низолар бошланганини маълум қилди. Мурожаатни ўрганиш учун “Дамариқ” деҳқон бозорида бўлдик.

-  Бу яқинда ташкил қилинган бозор эмас, анча йилдан буён ишлаб келади, аммо фаолият юритиб келган ва бюджет тушумлари, солиқлар тўлаб келинаётган бозор аукционда сотилган, - дейди Алишер Файзуллаев. – Бироқ бозор қоғозда бору амалда фаолият юритиш учун белгиланган ер майдони йўқ. Шунинг учун нима қилишга ҳам ҳайронмиз. Юқори турувчи раҳбарларимиз бозорни тугатиш тўғрисида қарор ҳам чиқаришмаган. Мурожаат қилмаган ташкилот қолмаяпти, ҳамма ўзини бефарқ тутади. Лекин ҳеч ким давлат улуши бор бозор қандай қилиб аукцион савдосига чиқарилгани билан қизиқмади. Бюджет тушумларини тўлдириш учун қулай маскан бозор ҳисобланади. Биз ҳам ойига ўртача 40 миллион, мавсумда 60 миллион сўмгача тушум топширганмиз. Шундай катта бинони ер майдони билан 379 миллион сўмга сотгандан кўра ойлик тўловларни бюджетга топширган афзал эмасмиди?

Кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, бу бозор яқин йилларгача бошқа манзилда фаолият юритган. Хўш, бозор нега бу манзилга ва қачон кўчирилган, бозор нега аукционга қўйилган?

-  Бозор бу ерга 2007 йилда кўчиб келган, 2008 йилдан бозор уставига кўра А.Ҳамроев 49 фоиз улуш, яъни ишлаб чиқариш биноси билан кирган, 51 фоиз давлат улуши бўлган, - дейди “Дамариқ” деҳқон бозори МЧЖ директори вазифасини вақтинча бажарувчи Абдуғани Холдоров. - Бозор жойлашган бино А.Ҳамроевнинг мулки сифатида баҳоланиб, 2012 йилда давлат фойдасига мусодара қилинган. Аслида эса бу А.Ҳамроевнинг бозор тасарруфига ўтказилган улуши эди. Кейин бозорнинг мулки ҳисобланган бино ноқонуний тартибда сотилган. Инвесторлар ўша пайтда 370 миллион сўмга сотиб олган. Агар қонуний томондан қарайдиган бўлсак, бу инвесторлар бозорга таъсисчи бўлиб кириши керак эди. Чунки аукционда бозорнинг 49 фоиз улуши савдога чиқарилган ва ер майдонисиз фақат бино кўрсатилган, аммо улар буни хоҳламасдан судга бериб, бозорга тегишли ер майдонини бириктириб бериш тўғрисида қарор чиқарилган. Ўшандан буён икки томон бир бирини судга бериб келмоқда. Бозорнинг еридан бизни мажбурий тартибда чиқаришган, энди қонуний фаолият юритаётган бозорнинг ер майдони йўқ, лекин ҳужжатларда бозор бор.  Бу ҳаракатлар билан бюджетга тушум бўлмаяпти. Шундай бўлса-да ер солиқларини биз тўлаймиз.

Шу бозорда кўп йиллардан буён савдо қилувчи сотувчиларнинг аксарияти бозорга меҳнати синггани ва ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ўтказишганини билдирди. Энди эса бозор хусусий секторга ўтгани ва унинг келажагидан ташвишланишмоқда.

-  2007 йилда бозор бу ерга кўчган пайтда шу ерда савдо қилувчилар пул жамғариб расталарни қурганмиз, - дейди бозорда 20 йилдан ортиқ сотувчилик қилган тадбиркор Санобар Абдураҳмонова. - Аммо бир неча йил олдин бу ерни сотиб олганлар бозор сотилди, деб бузишни бошлашди. Ўшанда бозорни бузманглар, буни ўз кучимиз билан қурганмиз, биз ишлашимиз керак, дедик - фойдаси бўлмади. Сўнгра Самарқанд шаҳар, вилоят ҳокимлиги, бозорлар уюшмасига мурожаат қилдик. Уларнинг жавобларида бозор бузилаётгани йўқ, аксинча замонавий ҳолда таъмирланяпти деган мазмунда жавоб берилди. Бозорда касалманд одамлар бор, пенсияси етмаганидан савдога чиқаётганлар бор, жуда кўп одам шу бозорни ортидан оила тебратяпти, агар бозор бу ердан кетса, шунча одамнинг тирикчилиги нима бўлади? Минг афсуски, улар бозор бизнинг шахсий мулкимиз, истасак уй қиламиз деб туриб олган. Аслида улар бозорнинг 49 фоиз улушини сотиб олган, 51 фоиз давлат улуши сақланганди. Аммо ҳокимликнинг 51 фоизлик давлат улуши қаерга кетди, буни ҳеч ким билмайди.

Мавсумда бу ерда 4 мингтагача сотувчи келади, хусусий тадбиркор эса бунча одамга иш ўрни яратиб беролмайди. Шунинг учун бозор яна аввалгидай давлат тасарруфидаги “Дамариқ” деҳқон бозори бўлиб қолишини, давлат назоратида бўлишини истаймиз.

Тадбиркорлар эса бозор узоқ вақт аукционда тургани, қонуний тарзда харид қилингани, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида сотиб олинган бинода ҳоким қарори асосида эко бозор ташкил этилганини билдирди. 

- “Дамариқ” деҳқон бозори халқ тилида микрарайон деб юритиладиган жойда бўлган, - дейди “Идеал маркет уз” оилавий корхона раҳбари Ҳамид Ҳимматов. - 2007 йилда у жойда кўп қаватли уй-жой қурилиши учун бозор А.Ҳамроевга қарашли бинога кўчирилган. Яъни, А.Ҳамроев 49 фоиз улуш олиш учун ўзига тегишли бино билан, ҳокимлик эса 95 миллион 500 минг сўм улуши билан кирган. Лекин архивларда бу пул ўтказмалари тўғрисида маълумот йўқ.

2012 йилда А.Ҳамроевнинг даромадлари жиноий йўл билан қўлга киритилган деб топилиб, унга тегишли мол-мулклар давлат фойдасига мусодара қилингач, суд қарорига асосан бозордаги 49 фоиз улуши бекор қилиниб, бино очиқ аукционга қўйилган. 3 йил давомида аукционда тургандан кейин 2015 йилда “Зироат инвест” фермер хўжалиги 370 миллион сўмга 100 фоиз улушни сотиб олган. Бизнинг айбимиз 3 йил аукционда турган бинони сотиб олганимизми? Нимадир нотўғри бўлса, ўша 3 йил мобайнида мутахассислар кўришмасмиди? Кейинчалик 50 фоизини “Идеал пласт” корхонасига сотган. Ҳозир бино тенг миқдорда учта корхонага тегишли.

Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу қарордан сўнг Самарқанд шаҳар ҳокими бозорни реконстукция қилинглар, ўзларинг эко савдо мажмуаси сифатида ишлайсизлар, деди. Шундан сўнг 5 миллиард сўмга яқин кредит эвазига реконструкция қилинди. Шундан сўнг 2015 йилдан 2020 йилгача “Дамариқ” деҳқон бозори фаолият юритди, ижара шартнома қилинглар десак, улар “бино сеники, ер давлатники” деб ижара шартномасиз ишлатишди. Бу орада Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари бинодан самарали фойдаланилмаган деб топиб, солиқларни бир неча баробар ошириш тўғрисида огоҳлантиришди ва бинони 49 фоиз улуш билан ҳокимлик балансига ўтказасан, бозор раҳбари сифатида ишлайсан, дейишди. Ахир биз тўлиқ улушни сотиб олган бўлсак, қандай қилиб яна 49 фоизни ҳокимлик балансига ўтказамиз. Қолаверса, бозорнинг иш ҳақи, коммунал тўловлар, солиқлардан жуда катта миқдорда қарздорлиги мавжуд.

Шундан сўнг иш судга ўтди. Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2020 йил 22 юлдаги қарори билан 2 ой давомида бозорни ишлатдик. Бозор маъмуриятининг аппеляция шикояти асосида 2020 йил октябрь ойидан яна кунлик патта пулларини йиғиб бошлади. Вилоят ва шаҳар иқтисодий судлари ишни кўриб, бизнинг фойдамизга қарор чиқаришди. Вилоят ҳокими ҳам масъуллар билан бу ишни кўриб чиқиб мулк ҳуқуқи дахлсиз, бозорни бошқа фуқаронинг тайёр биносига кўчириш нотўғри бўлганлигини билдирди. Биз бу бинони олаётганимизда ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш истагида эдик. Лекин Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги қарори билан таъмирлаш ва эко савдо мажмуаси қилиш тўғрисида Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарор асосида бозор фаолияти ўзгартирилди. Уч йил давомида бозор шартнома ҳам тузмади, бинодан ҳам чиқмади. Агар уларда бундан яхшироқ шароити бор жой топишса, марҳамат сотувчиларни мажбурлаб олиб қолмаймиз, хоҳиши борлар қолсин, ишласин, рухсат берилса, ўзимиз ишлатайлик, ривожлантирайлик. Лекин бу можарога тезроқ ечим топайлик. Шу ғавғолар туфайли кунда-кунора бир текширувчи ёки бирор ташкилотга чақирув бор, тадбиркорликдан ҳам ҳафсаламиз пир бўлаяпти.

 Бу масалага ойдинлик киритиш учун бир неча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб, айтарли жавоб ололмадик. Вилоят бозорлар уюшмасига қилган мурожаатимизга 50 кунда ҳам жавоб берилмади.

Ўрганишларда томонлар бозорнинг тушумлари камайганлигини билдиришди. Агар шундай бўлса, тафтиш, текширишлар ўтказиш, янги ечимлар топиш орқали тушумлар режасини ошириш мумкин эмасмиди? Ёки бозорни аукционга чиқариш режаси маъқулланган тақдирда бу ерда фаолият юритаётган бозор фаолиятини бошқа жойда ташкил этиш орқали тадбиркорнинг ишлаб чиқариш фаолиятини кафолатлаш лозим эмасмиди?

Нима бўлганда ҳам масъуллардан бу масалага тезроқ ижобий ечим топишига умид қиламиз.

Ўктам Худойбердиев,

“Зарафшон” газетаси ва zarnews.uz мухбири.