Данияга террорчилик таҳдид солмоқда

Данияда бир нечта махсус операциялар давомида экстремистик гуруҳлар билан алоқада ва терактлар тайёрлашда гумон қилинган 13 киши ҳибсга олинди.

Тинтувлар пайтида қурол, шунингдек портловчи моддалар тайёрланадиган кимёвий материаллар топилган. Ҳибсга олинганлар орасида саккиз эркак ва беш аёл бор. Уларнинг фуқаролиги ошкор қилинмаган.

«Бу воқеалар бизни жуда хавотирга солди. Биз бошқа нарсалардан ташқари Ишид байроғини ҳам топдик. Бу бизнинг ушбу одамлар ислом милитаризми билан илҳомлангани ҳақидаги гумонимизни тасдиқлади. Афсуски, Данияда террорчилик хавфи жиддий», дейди Дания хавфсизлик полицияси ходими Флемминг Дрейер.

Операциянинг бир қисми Германияда бўлиб ўтди. ОАВ маълумотига кўра, гумондорларнинг камида биттаси у ерда қўлга олинган. Полиция порох, запал ва ташвиқот материалларини мусодара қилди.