Дарахтга реклама жойлаштирган тадбиркорлар огоҳлантирилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Географик объектларнинг номларини, шунингдек, жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқидаги турли лавҳа ва рекламаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш масалалари ҳамда жойларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарорининг ижроси ҳақида” ва “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ҳодимлари ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида рейд тадбирлари ташкил этилди.
Кузатишларда жойлардаги бино пештоқлари, дарахларга ўрнатилган ташқи реклама, эълонлар ва пешлавҳалар қонунчилик талабларига зид эканлиги, шунинг билан бирга ёзувлар мазмуни “Давлат тили ҳақида”ги қонунга мутлақо номувофиқ эканлиги ўрганилди.
Тадбир давомида шаҳар кўчаларидаги дарахтларга турли хилдаги реклама эълонларни жойлаштирган мансабдор шахс ва фуқароларга огоҳлантиришлар берилиб, ноқонуний ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шу тақлид белгиланмаган жойга пешлавҳа ва эълонлар жойлаштиришга уриниш, аввалги ҳолат бўйича ўзгартириш кузатилмаган ҳолда қонун нормалари асосида таъсир чоралари кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шерали ИСКАНДАРОВ,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.