Дастурхонимиздаги тузламалар яроқлилик муддатига қаранг
Уларни оила аъзоларимиз, фарзандларимиз билан тановул қиламиз. Аммо барчамиз ҳам уларни қандай тайёрлаш ва сақлаш лозимлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Шу сабаб баъзида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш турли ошқозон-ичак касалликларига олиб келади. Айниқса, овқатдан заҳарланиш, яъни ботулизм касаллигига чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Хўш, ботулизм ўзи қандай касаллик? У қандай оқибатларга олиб келади? Унга чалинмаслик учун нималарга риоя қилиш керак?
Касаллик асосан, уй шароитида тайёрланган дудланган балиқ, гўшт, маринадланган бодринг, помидор, қалампир, қўзиқорин консервалари, бақлажон икраси каби маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади. Зарарланган консерваларнинг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим ҳолатларда шиша идишнинг тунука қопқоғи кўтарилиб, шишади, холос.
Касалликнинг белгилари тўсатдан ҳолсизланиш, бош оғриғи, оғиз қуриши билан бошланади. Баъзида кўнгил айниб, қайт қилиш, бош айланиши ва ич кетиши каби белгилар кузатилади. Микроблар мияда ва ичак шираси таъсирида ўз кучини йўқотмайди, қонга сўрилиб, инсон организмини заҳарлайди.
Агар шундай белгилар намоён бўлса, ўз билганича даволамасдан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши оқибатида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даврида 5 марта овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд қилиниб, 67 фуқаро жабр кўрган. Жумладан, Пайариқ ва Қўшработ туманларида 2 нафардан фуқаро сифатсиз тайёрланган тузламадан касалликка чалинган. Пахтачи туманидаги Султонобод деҳқон бозорида сотилган балиқдан 17 нафар, Каттақўрғон туманида уй шароитида тайёрланган тухумбарак таомидан 11 нафар, шунингдек, Иштихон туманида тўй дастурхонига қўйилган товуқ гўшти 35 нафар меҳмоннинг токсик заҳарланишига сабаб бўлган.
Демак, мазкур ҳудудларда овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Хуллас, хонадон шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларининг сифатига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Айниқса, бозорлар, кўча-кўйларда ҳамда ноқонуний савдо расталарида сифат сертификати ва ёрлиқларига эга бўлмаган истеъмол учун яроқсиз маҳсулотларни харид қилмаслигимиз керак. Демак, байрам дастурхонини безатиш учун олаётган ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотининг сақланиш шароити ва муддатига қатъий риоя этиш зарур. Чунки оиламизнинг соғлиғи учун аввало, ўзимиз масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.
Рустам АБДУАЛИМОВ,
вилоят фавқулодда вазиятлар
бошқармаси ходими.