Давлат фуқаролик хизмати – кеча ва бугун
Давлат фуқаролик хизмати, аниқроғи, унга ишга қабул қилиш тартиби Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилган ислоҳотлар орасида энг муҳимларидан бири, десак хато бўлмайди.
Аслида Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (рус тилидаги қисқартирилган номи АРГОС) ташкил этилди.
Ташкил этилган янги ташкилотга давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, давлат ташкилотларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш, давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизимини жорий этиш, Миллий кадрлар захирасини бошқариш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалар юклатилди.
Агентликнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш ваколати 2022 йил 8 августдаги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни билан мустаҳкамланди.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида давлат фуқаролик хизматига кириш танлов асосида амалга оширилиши, 29-моддасида давлат фуқаролик хизматининг бўш турган лавозимини эгаллаш махсус ваколатли давлат органи, яъни Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизими (vacancy.argos.uz - портали) орқали ўтказиладиган танловлар асосида амалга оширилиши қатъий белгиланди.
Юқоридаги талабдан келиб чиқиб, Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимлари эълон қилинадиган ягона очиқ портал - vacancy.argos.uz яратилди. Порталга вилоятдаги 45 та бошқарма ҳамда уларнинг 350 та қуйи бўлинмалари, маҳаллий ҳокимликлар уланди.
Агентликнинг Самарқанд вилояти филиали томонидан шу кунга қадар вилоят бўйича вакант лавозимлар учун 17 мингдан зиёд очиқ танловлар ўтказилди. Очиқ танловларда иштирок этган 310 мингдан зиёд номзодларнинг ҳужжатлари, очиқ танлов эълон қилган ташкилотларнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш ходимлари томонидан синчковлик билан ўрганилиб, малака талабларини ўрганиш, тест ва суҳбат босқичларидан муваффақиятли ўтган ҳамда танлов ғолиблари деб топилган 7 мингга яқин киши давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.
Агентликнинг вазифаларидан бири ҳисобланган очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш борасида ҳам кўплаб самарали ишлар олиб борилди.
Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги "Давлат бошқаруви соҳасидаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқларни, коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган автоматлаштирилган тизимни жорий этиш, хусусан, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш белгиланган.
Юртбошимизнинг юқоридаги ҳамда ПФ-76-сонли фармони ва ПҚ-300-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, хорижий илғор тажрибалардан келиб вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро ҳокимликларидаги инсон ресурсларини бошқариш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш учун hrm.argos.uz - инсон ресурсларини бошқаришнинг ягона электрон ахборот тизими яратилди.
Маълумот учун Агентлик томонидан hrm.argos.uz, vacancy.argos.uz, ilm.argos.uz, kpi.argos.uz, test.argos.uz, kadrlar.argos.uz, zaxira.argos.uz, samaradorlik.uz каби 20 га яқин электрон платформалар яратилганлигини эслатиб ўтмоқчиман.
Натижада, вакант лавозим учун танловдан тортиб, кадрларга оид барча ҳужжатларни юритиш фақатгина hrm.argos.uz платформасида амалга ошириладиган бўлди.
Бунинг учун платформа vacancy.argos.uz, zaxira.argos.uz, samaradorlik.uz, e-qaror.gov.uz, e-huquqshunos.uz дастурий таъминотлар билан интеграция қилинди. Шунингдек, my.mehnat.uz, edo.ijro.uz ва UzASBO тизимларига ҳужжатлар автоматик равишда юборилиши таъминланди.
Давлат органларида hrm.argos.uz электрон платформасини юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 492-сонли қарори билан тасдиқланиб, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб HRга оид барча ҳужжатларни hrm.argos.uz платформасида шакллантириш ва юритиш учун давлат органлари раҳбарларининг шахсан масъуллиги белгиланди.
Агентликнинг Самарқанд вилояти томонидан вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг қуйи бўлинмалари, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларда давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилиш, меҳнат қонунчилигига оид барча хужжатларни белгиланган электрон платформада юритиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига асосан мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Шу вақтгача олиб борилган 125 та мониторинг ҳамда 14 та комплекс ўрганишлар натижасига кўра аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 97 та огоҳлантириш ва 78 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 67 нафар мансабдор шахсга нисбатан мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 133,5 млн. сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Натижада 167 нафар ходимнинг ишга ноқонуний олинганлиги аниқланиб, барчасининг ўрнига очиқ мустақил танлов асосида муносиб кадрларнинг ишга олинишига эришилди.
Хулоса ўрнида шуни эслатиб ўтмоқчимизки, давлат фуқаролик хизмати тадбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқармалари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) бўлимлардаги маъмурият лавозимларига ходимларни танловларсиз, тўғридан-тўғри ишга қабул қилиш, шунингдек, меҳнат қонунчилигига оид барча хужжатларни белгиланган электрон платформа (hrm.argos.uz)да юритмаслик, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зид бўлган буйруқ ва қарорларни қабул қилиш, белгиланган қонун талабларининг бузилиши ҳисобланиб, раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишига сабаб бўлади.
Фозилжон АХАТОВ,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали бош инспектори.