Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида қандай болалар тарбияланади?

Давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган ақлий, эшитиш, психик, нутқида, кўришида ва таянч-ҳаракатланиш аъзолари ривожланишида нуқсони бўлган болалар тарбияланади.

Бугунги кунда вилоятда жами учта, яъни Самарқанд шаҳридаги 60-, 78- ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги 10-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари бўлиб, уларда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган жами 327 нафар ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар тарбияланмоқда. 

Таълим ташкилотларида болаларни соғлом ва хавфсиз овқатлантириш борасида 12 соатлик иш тартибида 4 маҳал, 24 соатлик гуруҳлар эса 5 маҳал овқатлантириш тизими жорий этилган.

Мазкур йўналишда 2022 йилда тасдиқланган вилоят мактабгача таълим ва соғлиқ сақлаш бошқармаларининг қўшма буйруғи асосида ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни қабул қилиш бўйича доимий фаолият олиб борувчи тиббий-психологик-педагогик комиссия ташкил этилган. 

Ушбу тиббий психологик-педагогик комиссия томонидан ҳар ойнинг охирги чоршанба куни ўтказиладиган тиббий кўрик хулосаси асосида давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига болалар қабул қилинади.

2023 йилнинг 1-чорагида ихтисослаштирилган боғчаларга жами 87 нафар ота-оналардан фарзандларини қабул қилиш учун аризалар келиб тушган бўлиб, шундан тиббий ташхис хулосалари асосида 84 нафар бола қабул қилинган. Қолган 3 нафар боланинг ота-онасига белгиланган қонун доирасида ҳуқуқий тавсиялар берилган.

Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.