Давлат шахсга доир маълумотлар ҳимоя қилинишини кафолатлайди

2019 йил 3 июлда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланишни соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъи назар, билдирилган мақсад учунгина фойдаланишини таъминлаш имкониятини беради.
Шахсга доир маълумотлар — бу муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади.

Жаҳоннинг 43 давлатида шахсга доир маълумотлар ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя этиш тартибини назарда тутувчи қонунлар амал қилади. Таъкидланишича, қонун бир қатор хориж мамлакатлари тажрибасига таянилган ҳолда ишлаб чиқилди.

Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Япония, Малайзия, Европа Иттифоқи регламенти талаблари билан солиштирилиб, ижобий жиҳатлари эътиборга олинган. Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази белгиланди.

Хўш, шахсга доир маълумотлар тўғрсидаги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларни қандай қилиб ҳимоя қилади?
Буни оддий мисол билан изоҳлаб ўтсак. Кўп ҳам узоққа бормайлик, илгарилари айрим фуқаролар томонидан таниш-билишларининг фуқаролик паспорти нусхаларига бир нечта телефон рақамлар олинган ҳолда улардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилар эди.

Бу эса кейинчалик айрим нохуш вазиятлар ва муаммоларни келтириб чиқарганлигини гувоҳи бўлганмиз. Қонуннинг 33-моддасида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Бу меъёр ўз ўрнида қайд этилган ноқонуний фаолият учун қонунчиликка жавобгарликни белгиловчи тегишли қоидалар киритилишини тақозо этди. Бундан келиб чиқадики, жисмоний шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

Қонун 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан кучга кирган. Эндиликда мулкдор, оператор ва учинчи шахс фуқаронинг шахсига доир маълумотларини етарли даражада ҳимоя қилишни бўйнига олган ҳолда ва ушбу маълумотдан нима учун фойдаланмоқчи эканлиги ҳақидаги мақсадни ошкор қилиб, фақат ўша мақсад учунгина фойдаланиши мумкин бўлади.

Масалан, паспорт олиш учун берилган маълумотни ер олиш, кадастр қилиш, никоҳдан ўтиш, сайловчилар рўйхатига киритиш, ўқишга юбориш, диплом бериш, гувоҳнома тайёрлаш каби ишларга шахс рухсатисиз фойдаланиш мумкин эмас.
Агар шу мақсадда фойдаланиш зарурати пайдо бўлса, албатта, бу ҳақида маълум қилиниб, розилик олиниши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун мамлакатимизда шахсга доир маълумотлар билан ишлашда халқаро стандартлар ва қоидаларни жорий қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича конституциявий ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва шахс сифатида ҳар қандай таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Фурқат Аноров,
фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судьяси.