Давр фидойиси: Фермер завод қуряпти
- Фарзандимнинг жарроҳлик амалиётига 30 миллион сўм сарфланишини айтишганида пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди, - деди исм-шарифини билдиришни истамаган онахон. – Қишлоққа тушкун кайфиятда қайтдим. «Уйда пулга чақадиган ҳеч вақо йўқ. Томорқанинг бир қисмини сотсакмикан?» Ана шундай хаёл оғушидан маҳаллага чақиришганида чалғидим.
- Барини эшитдим, - деди Паст Дарғом туманидаги «Элдор –К» фермер хўжалиги раиси Эркин Шеров. – Қоғозларини тўғрилайверинг, жарроҳлик амалиёти учун маблағни хўжалик зиммасига олади.
Очиғи, бироз довдираб қолдим.
Дарвоқе, бу саховатпеша фермернинг ўнлаб хайрли ишларидан бири. Қўли очиқлигидан ҳам «Элдор-К»нинг тармоқлари кун сайин кенгайиб, иши ривож топмоқда. Хўжаликнинг парранда, чорва, деҳқончилик тармоқлари ҳар қайсисида ўнлаб қишлоқ ёшлари меҳнат қилишяпти, рўзғор тебратишяпти.
- Қишлоқда яшаймиз. Фақат маош билан оилани тўкис қилиш қийин. Шу боис мазкур хўжаликда ишлаяпман. Меҳнат ҳақимиздан ташқари рўзғор эҳтиёжи учун чорва, парранда маҳсулотларигача ажратишади. Буларнинг бари пулга чақилса, хорижда пул топаётганларникидан кам эмас. Яна оилам бағридаман, кўнгил хотиржам, - деди товуқхонада меҳнат қилаётганлардан бири.
Ишчиларнинг таъкидлашича, бу ерда ишлаганларнинг аксарияти уйларида ҳам паррандачилик билан шуғулланади. Тухум, гўшт йўналишида жўжа, керакли озуқа хўжалик томонидан бериларкан.
Хўжалик ғалладан 90 центнердан ошириб ҳосил олгани ҳақида хабар тарқалди. Деҳқончиликдаги бу муваффақият сири нимада? Фермернинг келгусидаги ниятлари қандай? Хабар асносида кўнгилдан ўтган шу каби саволларга ҳам ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
- 492,5 гектар ер ихтиёримизда, - деди Э.Шеров. – Пахта, ғалла, маккажўхори экилган. Бу экинлар учун деярли минерал ўғит олмаймиз. Куз-қиш мавсумида фермадан маҳаллий ўғит чиқарамиз. Тўйинган ерда ҳосил бўлиқ бўлади-да.
- Ҳозир қанча парранда парваришланяпти?
- 200 мингта тухум йўналишида парранда бор. Шу кеча-кундузда 92 мингта жўжа ҳам босқичма-босқич маҳсулот олишга тайёр. Маҳсулот экспортига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Тожикистон, Афғонистонга тухум етказиб берамиз. Бундан ташқари, ички бозорда ҳам парҳез гўшт, тухумга эҳтиёж катта.
Фермада 420 бош наслли қорамол ҳам боқилади. Шундан 200 боши сигир. Ҳар куни 4,5 тоннага яқин сут топшириш бўйича «Алмўмин» сутни қайта ишлаш корхонаси билан келишувимиз бор. Бу гапларни бежиз айтмаяпман. Парранда учун ҳам, чорвага ҳам рацион асосида ем зарур. Шунинг учун омухта ем ишлаб чиқариш заводини, 1500 бош қорамолга мўлжаллаб ферма қуришни бошлаганмиз. Яқин вақтларда ҳар иккала қурилиш ҳам поёнига етади. Яна бир ниятимиз - даромадларимиз ҳисобига келгуси йил сутни қайта ишлаш технологиясини ўрнатамиз.
24 йил бурун оилавий корхона сифатида ташкил этилган тадбиркорлик субъекти бугун кўп тармоқли хўжаликка айланди. Фермернинг кўнгил қатидаги ниятлари эса бирин-кетин ушаляпти. Эзгу режалар ортида Ошиқота маҳалласининг ўнлаб йигит-қизлари ҳам ўрганишяпти, ҳам оила қўрғонини мустаҳкамлаш учун муқим иш ўрнига эга бўлишмоқда.
Бахтиёр Шукуров.