Дайдиларидан кўра, эгали уй ҳайвонларидан жабр кўрганлар кўпроқ
Статистика маълумотларига кўра, қаровсиз ҳайвонлар тишлашидан жабр кўрадиганларнинг 50 фоиздан ортиғи болалар ва ўсмирларга тўғри келади. Давлат ветеринария қўмитаси маълумотларига кўра, дунё бўйлаб хар йили 1 миллионга яқин инсон ҳайвонлар қутуриши оқибатида орттирилган касалликдан вафот этади. Ушбу кўрсаткичнинг 95 фоизи қаровсиз дайди итлар томонидан етказилган жароҳатлар бўлиб, 60-65 фоиз ҳолатда 14 ёшгача бўлган ёш болаларда аниқланади.
Самарқандда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилган ишлар юзасидан шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Болиқул Ҳакимов билан суҳбатлашганимизда қуйидаги фикрларни билдирди.
- 2019 йил давомида 699 нафар фуқарога қаровсиз уй ҳайвонлари томонидан турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Ўрганишлар натижасида уларнинг 652 таси эгали, қолган 47 таси эгасиз эканлиги маълум бўлди. Эгаси топилган ҳайвонларнинг ҳам фақат 419 таси қутуриш касаллигига қарши эмланиб, ветеринария гувоҳномаси расмийлаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан аҳоли пунктларида ит ва мушукларни сақлаш қоидалари тасдиқланган. Унга мувофиқ фуқаролар учун санитария, ветеринария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш уйда ҳайвон сақлашнинг мажбурий шарти ҳисобланади. Шунингдек, кўп вақатли уйда истиқомат қилувчи фуқароларга қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган ит ва мушукни сақлашга рухсат берилади. Улар очиқ жойларда сайр қилганда ит қочиб кетмаслиги, бошқа ҳайвонларга ва кишиларга зарар етказмаслиги учун тумшуқбоғ ва икки метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида эса бир метргача узунликдаги етовида бўлиши керак. Итларни тумшуқбоғ ва етовсиз сайр қилдиришга фақат махсус ажратилган, тўсиқ билан ўралган майдончаларда рухсат берилади. Шунингдек, ит сақловчилар уларни сайр қилдириш жойларида ва кўп қаватли уйларда кеч соат 22.00 дан эрталаб 8.00 гача тинчлик сақланишини таъминлашлари шарт.
Айни карантин кунлари ҳам итларни сайр қилдиришда ушбу қоидаларга риоя қилиш, шунингдек, уйидан 100 метр масофа атрофида ҳудуддан узоққа бормаслик тавсия этилади. Сайрдан сўнг, албатта итларнинг панжаларини дезинфекция қилиш мақсадга мувофиқ.
Ҳудудда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш мақсадида фуқароларга ўлган ҳайвонларни чиқит қутиларига, кўчага ташлашлари ман этилади. Улар бу ҳақда биринчи навбатда маҳалла фуқаролар йиғинини хабардор қилишлари ҳамда ҳайвонни рўйхатга олиш гувоҳномасини илова қилган ҳолда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси қошидаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига топширишлари лозим. Афсуски, аксар ҳолларда ит ва мушук жасадларини чиқит қутиси ёки кўчага ташлаб кетиш ҳолати кўп. Ўтган йилнинг ўзида бўлимимиз ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳар ҳудудидан 1761 та уй ҳайвонларининг жасади йиғиштириб олингани фикримиз исботидир.
Ўтган йили бўлимимиз томонидан 6785 та уй ҳайвонлари рўйхатдан ўтказилиб, профилактик эмланди. Уларнинг 3382 таси биринчи маротаба рўйхатдан ўтган.
Асқар БАРОТОВ ёзиб олди.